Ўзбекистонда Геология фанлари университети ташкил этилмоқда

Ўзбекистонда Геология фанлари университети ташкил этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни геологияда амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва галдаги вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Йиғилишда геология ривожида фундаментал, илмий, инновацион ва амалий тадқиқотларнинг ўрни катта. Шу боис йил якунигача 2,5 минг квадрат километр майдонни космик тасвирлар орқали, 5 минг квадрат километр майдонни аэрогеофизика усули орқали геологик ўрганиш юзасидан топшириқлар берилди.

Жорий йил 24 январда Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада ҳамда 31 январь куни илм-фан вакиллари билан учрашувда давлатимиз раҳбари геология соҳасида илмий салоҳиятни ривожлантиришга доир қатор истиқболли вазифаларни белгилаб берган эди.

Шу асосда Геология фанлари университетини ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда. Унинг ўқув дастурлари Санкт-Петербург кончилик университети ва бошқа хорижий таълим муассасаларининг илғор тажрибаси ёрдамида ишлаб чиқилмоқда.

Бугунги йиғилишда мазкур янги университет қошида Геология музейини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ўқув жараёнига боғлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Мутасаддилар соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳамда галдаги топшириқларни бажаришга қаратилган режалар юзасидан ахборот берди.