Ўзбекистонда Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилди

Ўзбекистонда Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилди

Ўзбекистон Президенти қарори билан Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ҳужжатга кўра, унинг фаолиятини ташкил этиш, малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 20 миллиард сўм ажратилади.

Андижон вилоятининг Андижон, Избоскан ва Олтинкўл туманлари, Наманган вилоятининг Наманган ва Давлатобод туманлари ҳамда Жиззах вилоятининг Зомин ва Ғаллаорол туманлари гулчиликка ихтисослаштирилади.

Ушбу туманларда гулчилик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолиятларини кенгайтиришлари учун 0,06 гектардан 1 гектаргача ер майдонлари очиқ электрон танлов орқали 30 йилга деҳқон хўжалигини юритиш мақсадлари учун ер участкаларини ижарага бериш тартибида ажратилади.

Шунингдек, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида ажратилган маблағларнинг камида 10 фоизи гулчилик лойиҳаларини ташкил қилиш учун ажратилади.

Гулчилик соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш мақсадида:

2022/2023-ўқув йилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ОТМларида Гулчилик магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
2021/2022-ўқув йилидан бошлаб Манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш бакалавриат таълим йўналишининг ўқув режасига гулчиликка оид мутахассислик фанлари киритилади ва уларнинг ўқув соатлари оширилади.

Гул экспорти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг гул кўчатлари, уруғлари, пиёзлари ва пайвандтаглари импорти учун сарфлаган транспорт харажатларининг 50 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади.

2023 йил 1 январга қадар республика ҳудудига олиб кирилаётган туганаклар, пиёзбошлар, туганаксимон илдизлар, туганак пиёзлар, илдизпоя ҳамда бошқа тирик ўсимликлар (жумладан, илдизлари), қаламчалар ва пархишига нисбатан божхона божининг «ноль» ставкаси белгиланмоқда.

Тошкент ва Наманган шаҳарларида йирик улгуржи гул бозори ташкил этилади.