ДЙҲХХ ходимларига янги намунадаги алкотестер мосламалари фойдаланишга топширилди

ДЙҲХХ ходимларига янги намунадаги алкотестер мосламалари фойдаланишга топширилди

Ўзбекистонда Йўл-патруль хизмати ходимларига топширилган янги намунадаги алкотестер мосламаси текширув жараёнида ҳайдовчини суратга олиш хусусиятига эга. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабар қилди.

Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда 150 дона янги намунадаги алкотестер республика бўйлаб ЙПХ ходимларига тарқатилган. ЙПХ ходими ҳайдовчини алкоголь ичимликдан маст деб гумонлаган вақтда Алcостоп 8000С алкотестер мосламаси ёрдамида ҳайдовчи тўхтатилган жойнинг ўзида текширувларни амалга оширади.

Қурилма актив ҳамда пассив режимларда ишлатилади. Пассив режимда ҳайдовчи тўхтатилган пайтда ЙПХ ходими алкотестернинг пуфлаш томонини ҳайдовчига қаратади ва 5—10 сантиметр масофада ҳайдовчининг оғзидан чиққан этанол буғлари орқали унинг алкоголь ичимлик истеъмол қилгани ёки йўқлиги маълум бўлади. Агар у спиртли ичимлик истеъмол қилган бўлса, алкотестердаги миллиграмм кўрсаткичи кўтарилади.

Шундан сўнг ҳайдовчининг мастлик ҳолатида экани ёки маст эмаслигини аниқлаш учун қурилма актив режимга ўтказилади. Бу режимда мастлик ҳолатини текшириш жараёнида қўлланиладиган бир марталик ускунадан фойдаланилади. Алкотестерда камера бўлиб, пуфлаш жараёнида ҳайдовчининг юз қисмини тасвирга олади ва чекда акс эттиради.

Қайд этилишича, агар ҳайдовчининг оғзидан чиққан этанол буғларнинг концентрация кўрсаткичи 0,135 миллиграм ва ундан юқори бўлса, у маст деб топилади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси (транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш) тартибида баённома расмийлаштирилади.

Ушбу модда билан айбор деб топилган ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жаримага солинади.