Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар блокланиши мумкинми?

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар блокланиши мумкинми?

Ўзбекистонда 16 апрелдан кучга кирадиган янги талабга кўра, Facebook, Telegram, Instagram, TikTok, Twitter каби ижтимоий тармоқлар ва Google, Mail.ru, Яндекс каби интернет сервислар Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини жисмонан Ўзбекистонда жойлашган серверларда сақлашлари шарт бўлади. Талабни бажармаганлар Ўзбекистон ҳудудида блокланиши мумкин. Facebook Ўзбекистон бу йўл билан «сўз эркинлигини жиловлашга уринаётгани»дан хавотир билдирди — дея хабар бермоқда "Kun.uz"

 
2021 йил 14 январда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг ташаббуси билан қабул қилинган қонун асосида ҳужжатга қуйидаги мазмундаги 27-1-модда қўшилган:
«Мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши шарт».

Қонуннинг бу моддаси 2021 йил 16 апрелдан кучга киради.

Бу банд кучга кирганидан сўнг Facebook, Telegram, Instagram, TikTok, Twitter каби ижтимоий тармоқлар, Gmail, Mail.ru почта хизматлари ва Google, Яндекс каби интернет сервислари Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари жойлашган маълумотлар базаларини (серверлари) жисмонан Ўзбекистонга олиб келиб сақлашлари шарт бўлади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳмадовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистон фуқаролари фойдаланадиган барча ижтимоий тармоқларнинг бош офисларига қонунчиликдаги янгилик ҳақида расман маълум қилинган ва қонун кучга киргунга қадар серверларни Ўзбекистонга кўчириб келиш чораларини кўриш сўралган.

Шунингдек, яқин кунларда бу банднинг бажарилиши ва техник шартлари юзасидан норматив ҳужжат тайёрланади.

Вазирликка кўра, хорижий компаниялар серверларини Ўзбекистонга олиб келишни хоҳламаса, улар билан бошқача тарзда ҳам музокаралар олиб борилиши мумкин. Масалан, Ўзбекиcтон фуқароларига шахсий маълумотларини киритмаган ҳолда тармоқда рўйхатга олинишига рухсат берилиши каби.

Лекин, ҳар қандай ҳолда фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланувчи ёки уларни тўпловчи тармоқлар серверларни Ўзбекистонга олиб келишни рад қилса ёки бошқача келишувга бормаса, уларнинг иши судга оширилади. Суд агар бу ижтимоий тармоқ «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунни бузган деб топса, унинг Ўзбекистон ҳудудидаги фаолиятини тақиқлаш тўғрисида, яъни блок қилиш бўйича қарор чиқариши мумкин.

  • Шерзод Аҳмадовнинг айтишича, серверларда олиб келиниши талаб қилинаётган шахсий маълумотлар сирасига фуқаролар тармоқда рўйхатдан ўтиш учун ишлатиладиган исм-фамилия, телефон рақам ва паспорт маълумотлар кабилар киради.

Яна бир ҳолат, хорижий сайтлар ва ижтимоий тармоқлар ўз маълумотлар базаларини Ўзбекистонга олиб келганида уларни мустақил сақлайди. Бунда уларга серверларни бирор бир давлат ташкилотига топшириш мажбурияти юкланмайди, демоқда масъул вазирлик.

Шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий тармоқда ёзган постлари, изоҳлари ва юклаган мультимедиа (фото ва видеолар) маълумотлар базасини Ўзбекистонга олиб келиб сақлаш талаб қилинмаяпти.

«Аноним тарзда тармоқлардан рўйхатдан ўтган шахсларнинг маълумотлари анонимлигича қолади ва улар Ўзбекистондаги серверларга олиб келиниши шарт эмас.

Бундай аноним профиль орқали постларда ёки изоҳларда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид маълумотлар тарқатилаётган ёки тарғиб қилинаётган бўлса, бу каби маълумотларни ўчириш ёки ўша ҳаракатни содир этган шахсни аниқлаш бўйича хорижда жойлашган тармоққа расмий сўров юборилади. Бу олдиндан қонунчиликда бор бўлган ҳолат», – деди Шерзод Аҳмадов.

Вазирлик расмийси қонунга бундай қўшимча киритилишидан қандай мақсад кўзлангани ҳақида тўхталди.

«Агар Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотлари чет давлат ҳудудида сақланса, давлат ўз фуқароларининг маълумотларига нисбатан хорижий компания томонидан «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун талабларининг бажарилишини назорат қила олмайди.Бундан ташқари, агар ўзбек компаниялари шахсга доир маълумотларни бошқа давлат ҳудудида сақласа ҳам, давлат белгиланган қоидаларнинг бажарилишини назорат қила олмайди, чунки у бошқа давлат ҳудудида текширувларни амалга ошириш имкониятига эга эмас», – дейди АКТ вазирлиги матбуот котиби.

Вазирлик бу борада АҚШ, Европа, Австралия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Индонезия, Туркия ва бир қатор бошқа давлатларнинг тажрибалари ўрганилганини қўшимча қилди.

BBC Ўзбек хизмати хабарига кўра, Ўзбекистондаги бу янгиликни Facebook компанияси салбий қарши олган. Нашрга етиб келган маълумотларга кўра, Facebook Россия, Хитой ва Ўзбекистон каби давлатлар бу йўл билан сўз эркинлигини жиловлашга уринаётганидан хавотирда.

«Шахсий маълумотларни давлат ичида сақлаш иқтисод ва инсон ҳуқуқлари учун яхши эмас. Жаҳон бўйлаб датани маҳаллийлаштириш фойдаланувчиларнинг шахсий ҳаёти, фикр эркинлиги, хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларига сезиларли хавф туғдиради. Одатда бу ҳукуматнинг интернет фойдаланувчисининг шахсий маълумотини олиш салоҳиятини оширади», – деган BBC билан суҳбатда Facebook вакили.

Шунингдек, дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ вакиллари Ўзбекистон билан музокаралар давом этаётганини маълум қилган.

Маълумот учун, ҳукумат ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази – Ўзбекистонда шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланган. Ташкилот шахсга доир маълумотлар юзасидан қонунчилик талабларига риоя этилишини ҳам назорат қилади.