Ўзбекистонда ишга жойлашишда дипломдан кўра малака муҳимроқ бўлади

Ўзбекистонда ишга жойлашишда дипломдан кўра малака муҳимроқ бўлади

Ўзбекистонда хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори такомиллаштирилади. Бу ҳақда «Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида белгиланди.

Жумладан, таълимнинг энг паст даражасига қўйиладиган талаблар бекор қилинади. Унинг ўрнига ҳар бир лавозим ва касб бўйича малака доирасига мувофиқ малака даражасига талаблар киритилади. Ушбу талаблар тегишли лавозим (касб)нинг малака даражасидан келиб чиққан ҳолда иш берувчилар томонидан мустақил белгиланади.

2021 йил 1 апрелгача «profstandart.uz» касбий стандартларнинг ягона очиқ портали ишлаб чиқилади.

2021/2022-ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида амалиётга йўналтирилган таълим дастурларини жорий этиш мақсадида дуал таълим тизими жорий этилади. Дуал таълим тизими асосида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган ўқувчиларга иш берувчи билан тузилган муддатли меҳнат шартномасига мувофиқ иш ҳақи тўланиши мумкин.

Қарорга кўра, Президент ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдор бўлган Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича кенгаш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилади.

Шунингдек, қарор билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Республика бандлик ва меҳнат муҳофазаси илмий маркази вазирлик ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институти этиб қайта ташкил этилди.