Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортишнинг энг кичик ёши ўзгартирилди

Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортишнинг энг кичик ёши ўзгартирилди

"Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

Ҳужжатга кўра:

— Жиноий жавобгарликка тортишнинг энг кичик ёши 14 ёш этиб белгиланмоқда (амалда 13 ёш);

— 16 ёшгача бўлган вояга етмаганлар билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда ва мазкур соҳадаги жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилмоқда:

Шунингдек, Жиноят кодексининг 128-моддасида (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) озодликдан маҳрум қилиш жазосининг максимал муддати 5 йилдан 7 йилгача оширилмоқда;

— Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисмида (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) озодликдан маҳрум қилиш жазоси 1 йилдан 2 йилгача кўпайтирилмоқда.

Суд-тергов жараёнида бола ҳуқуқларининг процессуал кафолатларини кучайтириш чоралари кўрилмоқда, жумладан:

— Вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилишнинг умумий давомийлиги кун давомида дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффусни ҳисобга олмаганда 4 соатдан ошмаслиги белгиланмоқда (амалда – 8 соат);

— Вояга етмаган шахсни сўроқ қилишда тарафларнинг ташаббусига кўра психолог иштирокини таъминлаш тартиби ўрнатилмоқда.