Ўзбекистонда камбағаллик чегараси 498 минг сўм этиб белгиланди. Бу 2021 йилга нисбатан 13,2 фоизга кўпроқ

Ўзбекистонда камбағаллик чегараси 498 минг сўм этиб белгиланди. Бу 2021 йилга нисбатан 13,2 фоизга кўпроқ

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 10,6 мингта уй хўжалиги ўртасида ўтказилган кузатув натижалари асосида минимал истеъмол харажатлари (МИХ) қиймати ҳисобланди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар қилди.

Қайд этилишича, халқаро услубиятдан келиб чиқиб, МИХни ҳисоблашда сўровномада қатнашган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, бу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинди.

Сўровнома асосида мазкур уй хўжаликларида жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 килокалория) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал харажатлар бир ойда киши бошига 498 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинди.

Таъкидланишича, жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган.

Мазкур кўрсаткичдан:

давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;

мамлакат камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;

камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;

пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.

Маълумот учун, 2020 йилда 5,4 минг уй хўжалиги ўртасида ўтказилган сўровнома якуни бўйича дастлабки ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари 2021 йил нархларида 440 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг май ойида эълон қилинганди. Янги эълон қилинган миқдор – 498 минг сўм ундан 13,2 фоизга кўпроқ.