Ўзбекистонда келгусида ОТМларга кириш имтиҳонлари бекор қилиниши мумкин

Ўзбекистонда келгусида ОТМларга кириш имтиҳонлари бекор қилиниши мумкин

Фото: ЎзА

ДТМ бош бошқармаси бошлиғи Фарҳод Мирзаев Ўзбекистонда келгусида ОТМларга кириш имтиҳонлари бекор қилиниши мумкинлигини маълум қилди.

«Унификация бўйича қарор тегишли органга киритилган. Агар бу тасдиқланса, биз кириш имтиҳонларидан воз кечиб, босқичма-босқич мактабларда олинадиган имтиҳонлар ҳисобига болаларни ОТМларга қабул қилишни йўлга қўямиз», — деди у.

Шунингдек, Фарҳод Мирзаев 2021−22 ўқув йили учун ОТМларга кириш тест синовларини 2 та сценарий — ёпиқ ва очиқ майдонларда ўтказиш келишиб олинганини маълум қилди.

Қайд этилишича, тест синовлари ўтказиш учун 46800 нафар абитуриент учун мўлжалланган 96 та катта сиғимли ёпиқ бино, 59040 нафар абитуриентни сиғдирадиган 65 та стадион танланган.

Кириш имтиҳонларида 1,6 млн абитуриент қатнашиши кутилмоқда. Рўйхатдан ўтиш онлайн тарзда ДТМ расмий сайти, ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиши таъкидланди.