Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар олдидаги бўш турган ерлар ободонлаштириш шарти билан аҳолига доимий фойдаланиш учун ажратилад

Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар олдидаги бўш турган ерлар ободонлаштириш шарти билан аҳолига доимий фойдаланиш учун ажратилад

Ўзбекистон президенти 2021 йил 30 декабрь куни «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар беради ЎзА.

Ҳужжатга мувофиқ 2022 йил 1 мартдан бошлаб давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига улар эгалигидаги бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) бўлган ер участкалари қуйидаги шарт ва мажбуриятлар билан уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади:

  • ер участкаларини обод ҳолда сақлаш;
  • дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни парвариш қилиш ва суғориш;
  • йиғиштириш-тозалаш ишларини амалга ошириш ва чиқинди қутиларини ўрнатиш;
  • болалар майдончалари, ўтириш жойлари (скамейкалар), тунги ёритиш тизимини ўрнатиш, таъмирлаш ва сақлаш;
  • аҳоли учун пиёда йўлакларини барпо этиш, таъмирлаш ва лозим даражада сақлаш.

Шу билан бирга, доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб бериладиган ер участкаларида бино, иншоот, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш ҳамда енгил конструкцияли объектларни ўрнатиш ва қуриш тақиқланади.

Ер участкаларини ажратиб бериш вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига юклатилган. Доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб бериладиган ер участкаларида белгиланган шарт ва мажбуриятлар бажарилиши устидан назорат ички ишлар органлари жамоат хавфсизлиги хизмати, Миллий гвардиянинг патрулликка жалб этилган бўлинмалари ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига 2023 йил 1 январга қадар шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида жойлашган ҳамда бўш турган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга мўлжалланган ер участкалари тегишли давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига ажратилиши топширилган. Кейинчалик улар доимий равишда шаҳарсозлик фаолияти натижасида шаклланган янги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга мўлжалланган ер участкалари белгиланган тартибда ажратилиб борилишини таъминлайди.