Ўзбекистонда коронавирус билан вафот этганлар жасади куйдириладими?

Ўзбекистонда коронавирус билан вафот этганлар жасади куйдириладими?

АОКА ҳузуридаги штабда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда аҳоли томонидан йўлланган саволларга жавоб қайтарилди:

— Махсус комиссия қарорига кўра коронавирус аниқланган беморнинг даволаниш харажатларини у касаллик юқтирган муассаса ёки ташкилот тўлар экан. Агар касаллик қаердан юқтирилганлиги конкрет аниқланмаса, у ҳолда даволаниш харажатларини ким тўлайди?

— Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг малакали эпидемиологлари томонидан эпидемиологик суриштирув тўлақонли олиб борилмоқда ва ҳар бир аниқланган касаллик ҳолатининг манбаси аниқланмоқда. Бу жараёнда ИИВ билан хам хамкорлик йўлга қўйилган.

— Агар Ўзбекистон фуқароси чет элда бошқа касалликдан вафот этса, унинг жасади олиб келингандан сўнг  майит тобут билан дафн этиладими ёки ислом анъаналарига мувофиқми?

— Ушбу ҳолатда хақиқатда COVID-19 мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома тақдим этилса дафн маросимлари одатдаги тартибда амалга ошириши мумкин.

— Кoronavirus info телеграм каналида Бергамо шаҳрида коронавирусдан вафот этганлар жасади куйдирилиши ҳақида маълумот ўқидим. Ўзбекистонда ҳам шундай чора кўриладими?

— COVID-19 коронавирус инфекцияси тасдиқланган ва ушбу касалликдан вафот этган беморлар Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг мутахассислари иштирокида қатъий санитария-гигиена талаблари асосида ҳамда зарарсизлантириш олиб борилиб Ислом дини урф-одатлари бўйича дафн этилмоқда.

— Пискент шаҳри "қизил" ҳудудга киритилгани сабаб, Олмалиққа шаҳрига Пискент орқали ўтувчи йўл тўсиб қўйилган. Олмалиқ "яшил" ҳудуд бўлса ҳам унга ўтиш йўллари ёпилиши мумкинми?

— Карантин талаблари бўйича қизил ҳудуд ва яшил ҳудудлар ўртасида харакатланиш тўхтатлади, яъни "қизил" тоифадаги ҳудудга кириш ва чиқиш тақиқланади.