Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони бирдан ошди. Бу янги штамм билан боғлиқ эмасми?

Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони бирдан ошди. Бу янги штамм билан боғлиқ эмасми?
 
Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони бирдан кўпайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра 2021 йил 9 февраль куни 33 кишида инфекция тасдиқланган. Янги касалланиш ҳолатларининг Андижон (1 нафар), Хоразм (1 нафар), Тошкент (4 нафар) вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида (27 нафар) аниқланган. ССВ маълумотига кўра, касаллик коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлгани сабабли намуна олинган фуқаролар орасида қайд этилган.

2021 йил 10 февраль куни эса яна 66 кишида касаллик аниқланган. Янги касалланиш ҳолатлари Қорақалпоғистон Республикасида (1 нафар), Андижон (1 нафар) Бухоро (1 нафар), Жиззах (2 нафар), Наманган (2 нафар), Тошкент (3 нафар), Фарғона (4 нафар), Самарқанд (10 нафар) вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида (42 нафар) қайд этилган. Шунингдек, 1 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 622 нафарга этди.

Янги ҳолатларнинг нега бундай бирдан кўпайишига вазирлик томонидан изоҳ берилмаган.

Маълумки, шу йилнинг 30 январь куни «Covid-19»нинг «британча штамм»и юртимизда ҳам илк бор қайд этилган эди. Ушбу мутация аввалгиларига қараганда юқумли ҳисобланади. Вирус 2010 йилда туғилган пойтахтлик фуқаро Ш. оила аъзолари билан биргаликда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига сафар қилиб, 2021 йилнинг 23 январь куни Тошкентга қайтиб келган ўсмир қизда аниқланган.

Ўшанда беморнинг умумий ҳолати қониқарлилиги, шикоятлари йўқлиги, тегишли тиббий стандартлар бўйича даво муолажаларини олаётгани маълум қилинганди. Кейинчалик бу бемор ҳақида бошқа маълумот берилмади.

Шу тариқа айни пайтда Ўзбекистонда «Covid-19» расман қайд этилганлар сони 79 303 кишини ташкил этмоқда. Ушбу беморлардан 77 726 нафари касалликдан фориғ бўлган.

ССВ маълумотига кўра, тиббиёт муассасаларида даволанаётган 955 нафар бемордан 153 нафари оғир, 29 нафари эса ўта оғир аҳволда.