Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари қачондан бошланиши айтилди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари қачондан бошланиши айтилди

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш тадбирлари феврал ойи охирида бошланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиқ ўринбосари Ботир Қурбонов «Севимли» телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.

«Вакцинация жараёнлари бутун дунёда тўғри амалга оширилиши, коронавирусга қарши вакциналар тўғри тақсимланишини назорат қилувчи механизм - COVAX ташкилоти ташкил этилган. Унга аъзо давлатлар қаторига Ўзбекистон ҳам киритилган.

GAVI ташкилоти - Эмлаш ва иммунизация бўйича глобал алянс томонидан Ўзбекистон учун буюртма берилган. 2021 йилнинг 8 январида республика аҳолисининг 20 фоизига етарли миқдорда биринчи буюртма берилган. Буни босқичма-босқич амалга ошириш тўғрисида COVAX ташкилотидан расмий маълумот олингач, бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қўллашга рухсат берилган Pfizer-BioNTech вакцинасини Ўзбекистонда ҳам эмлаш жараёнларига жалб қилиш учун 100 минг доза буюртма қилинган. 

Ушбу вакцина 1-1,5 ой муддат ичида келтирилиши кўзда тутилган. Вакцина -70 даража ҳароратда сақланиши учун музлатгичлар тайёрлаб қўйилган», деган у.

Ботир Қурбонов Ўзбекистонда оммавий эмлаш жараёни қачон бошланиши тўғрисидаги саволга ҳам жавоб қайтарган.

«Республикамизнинг барча аҳолисини эмлаш тадбирлари билан қамраб олиш режалаштирилган. Америкада ишлаб чиқилган вакцинадан 100 минг доза буюртма қилинган. Кейинги навбатда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган вакциналар босқичма-босқич сотиб олиниб, юртдошларимизни эмлаш бошланади.

Pfizer-BioNTech вакцинаси билан эмлаш тадбирлари феврал ойи охири, март ойи бошларида бошланади», деган у.

  • Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун 3 триллион сўм ажратилади.
  • Бундан аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев COVAX фонди орқали Американинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши Comirnaty вакцинасини Ўзбекистонга 100 минг доза миқдорида олиб келиниши бўйича буюртма берилганини, эмлаш жараёнига тайёргарлик кўриш мақсадида GAVI томонидан 17та катта ҳажмдаги рефрижераторлар ва 206та юк ташувчи минивен автотранспорт воситалари тақдим этилганини маълум қилганди.
  • У Ўзбекистондаги мутахассислар «Спутник V»нинг 3-клиник синов босқичлари натижаларига оид маълумотларни ўрганаётгани, шунингдек, Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини тезкор сертификациялаш масаласи устида ишланаётгани ва вакцина ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ҳам музокаралар олиб борилаётгани ҳақида ҳам маълумот берганди.