Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина синовида 13,5 мингдан ортиқ кўнгилли иштирок этмоқда

Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина синовида 13,5 мингдан ортиқ кўнгилли иштирок этмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати жорий йилнинг 3 февраль ҳолатига Ўзбекистонда Хитойнинг коронавирусга қарши ZF 2001 вакцинаси синовида иштирок этиш учун умумий ташриф буюрганлар сони 13 652 нафарни ташкил этгани ҳақида хабар берди.

Қайд этилишича, улардан 6 120 нафар кўнгилли вакцинанинг 1-дозаси билан ва 932 нафар кўнгилли вакцинанинг 2-дозаси билан эмланди. 

Вакцинани ишлаб чиққан Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси мутахассиси Юан Лингфенгнинг сўзларига кўра, Хитойда кўнгилли фуқаролар иштирокида вакцинанинг I - II фазалари муваффақиятли синовдан ўтказилди. Кузатувлар давомида бирорта ҳам фуқарода жиддий ўзгаришлар ёки ножўя асоратлар пайдо бўлмаган. Вакцинанинг ҳеч қандай хавф туғдирмаганлигига ишонч ҳосил қилгач, Ўзбекистонда ҳам клиник синовларни давом этишга рухсат этилди. 

“Эндиликда, Хитойда ва Ўзбекистонда вакцинанинг III фазасини қабул жараёни давом этмоқда. Хитойда эса III фаза эмланиш ишлари деярли охирлаб қолган. Бу ишларни амалга оширишга бизга камарбаста бўлаётган Ўзбекистонга катта миннатдорчилик билдирамиз”, - деган мутахассис. 

Шунингдек, мазкур тадқиқотда иштирок этишни истаган кўнгиллилар ҳавола орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин.