Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берганларнинг қариндошлари ҳам давлат ҳимоясида бўлиши белгиланди

Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берганларнинг қариндошлари ҳам давлат ҳимоясида бўлиши белгиланди

Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берганларнинг қариндошлари ҳам давлат ҳимоясида бўлади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун 18 ноябрь куни президент томонидан имзоланди.

Киритилган қўшимчаларга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилишини ўрганиш ва таҳлил қилиш учун жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз киришга, ҳужжатлар билан танишишга ҳақли экани белгиланди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар йили коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани Олий Мажлисга тақдим этади.

Эндиликда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг қариндошлари ҳам давлат ҳимоясида бўлади (илгари фақат хабар берган шахслар назарда тутилган.)

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.