Ўзбекистонда Lada ва Renault автомобилларини йиғишни бошлаш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда Lada ва Renault автомобилларини йиғишни бошлаш режалаштирилмоқда

«Автоваз» яқин 12 ой ичида Ўзбекистонда Lada ва Renault автомобилларини йиғишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания президенти Николя Мор журналистлар билан учрашувда маълум қилган.

«Ўзбекистон бозорида мавжудлигимизни ривожлантиришнинг оқилона усули – бу машина тўпламларини ўша ерда йиғишни бошлашимиздир. Биз яқин12 ой ичида дастлаб Lada кейинроқ эса Renault русумли автомашиналарни йиғишни режалаштиряпмиз», дея таъкидлаган Николя Мор.

Николя Мор UzAvto иштироки сабабли «Автоваз» маҳаллий бозорда катта ўринни эгаллай олмаслигини таъкидлаб ўтган.

Шу билан бирга, компаниянинг машина экспорти манфаатларига Африка ва Яқин Шарқ минтақаси ҳам киради.

Маълумот учун, 2020 йил якунларига кўра, «Автоваз» 41 минг дона Lada русумидаги автомобилларни хорижга экспорт қилган. Бу 2019 йилга нисбатан 19 фоизга камроқ. Шунингдек, ўтган йилда Россиянинг ўзида ҳам компаниянинг сотуви 5 фоизга камайиб, 343,5 минг автомобилни ташкил қилган.