Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбекистонда Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги ташкил этилади
12.02.2020 19:13,  
2058

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 12 февраль куни маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Президент маҳалла тизимидан халқ ҳам, давлат ҳам тўла рози эмаслигини, бу соҳада камчилик ва долзарб масалалар кўплигини таъкидлади. 

Йиғилишда оилавий ажримлар, ёшлар саломатлиги, эрта туғруқлар, маънавий-ахлоқий тарбия билан боғлиқ муаммолар кўрсатиб ўтилди. 

 – “Оила – муқаддас” деган азалий ва эзгу ғоя қадрсизланиб, минг йиллик миллий қадриятларимиз завол топар экан, бу каби оғриқли ҳолатларни камайтириб бўлмайди. Бунинг учун маҳалла катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқиши керак. Чунки фаоллар, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз, агар истаса, жамоатчилик билан биргаликда ҳар қандай муаммони ҳал қилишга, хато қилган ёшларни тўғри йўлга солишга қодир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш шартлигини таъкидлади. Ушбу улкан соҳага масъул алоҳида давлат идораси – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи билдирилди.   

Қайд этилганидек, янги вазирлик маҳалладан тортиб республика даражасигача 40 мингдан ортиқ ходимни бирлаштиради ва уларнинг “бир ёқадан бош чиқариб”, ягона мақсад йўлида фаолият кўрсатишларини таъминлайди. Бир сўз билан айтганда, жойларда муаммоларни ҳал қилишнинг яхлит ва таъсирчан вертикал тизими яратилади.

Вазирнинг биринчи ўринбосари оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалаларга масъул этиб белгиланади. Вазирнинг яна бир ўринбосари кексаларни ижтимоий рағбатлантириш, ёшларда ватанпарварликни мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланади. Оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш, томорқа ва ободонлаштириш, экология, бандликка кўмаклашиш масалаларига масъул ўринбосар лавозими жорий этилади.

Вазир – “Маҳалла” жамғармасига, вазирнинг биринчи ўринбосари – “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш” жамоат фондига, Кексалар ва фахрийлар бўйича ўринбосар “Нуроний” жамғармасига раисликни ҳам бажаради.

Вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари ҳоким ўринбосари ҳисобланади. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ҳудудлардаги ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари даражасига кўтарилади. Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан узвий ҳамкорликда ишлайди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан