Ўзбекистонда мамлакатдаги захиралардан 69 фоиз кўпроқ сув истеъмол қилинмоқда

Ўзбекистонда мамлакатдаги захиралардан 69 фоиз кўпроқ сув истеъмол қилинмоқда

Ўзбекистон ва Туркманистонда сув ресурсларидан фойдаланиш даражаси таҳликали нуқтага етди. Жумладан, Ўзбекистон ўз сув захираларининг 169 фоизидан, Туркманистон эса 144 фоизидан фойдаланмоқда. Бу ҳақда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) экспертлари мазкур мавзуга бағишланган иккита янги ҳисоботида маълум қилди.

Тожикистон, Арманистон ва Озарбайжонда «сув стресси» ўртача баҳоланмоқда, уларда бу кўрсаткич мос равишда 62%, 56% ва 54% ни ташкил этмоқда. Қирғизистон ва Қозоғистонда чучук сувдан фойдаланиш кўрсаткичи дунё миқёсидаги ўртача кўрсаткичдан ортиб, мос равишда 50% ва 33%га етган.

Россия ва Грузия ўз чучук сув захираларининг 4, Молдова — 12, Украина — 14%дан фойдаланмоқда.

Захира сувлардан энг кўп фойдаланиш ҳолати Қувайтда қайд этилган — 3850%. Энг яхши вазият эса Конгода кузатилмоқда ва ушбу мамлакатда бу кўрсаткич бор-йўғи 0,03% ни ташкил этади.

Мутахассисларнинг қайд этишича, сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лозим. Глобал иқлим исиши ҳам қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда, дейилади хабарда. Дунёнинг кўплаб минтақаларида ёғингарчиликлар сони ва давомийлиги ўзгарган, қурғоқчилик ва сув тошқинлари кўпроқ содир бўлмоқда, шу сабабли сув етишмовчилиги янада ўткирроқ ҳис этилиб, сув ресурслари соҳасида рақобат кучаймоқда.

«Сув ресурсларидан самарали фойдаланишга ўтиш барқарор агроозиқ-овқат тизимини ташкил этишга асосланган», — деди ФАО бош директори Цюй Дунъюй. ФАОнинг қайд этишича, дунёда 72 фоиз чучук сув қишлоқ хўжалиги, 16 фоизи — саноат ишлаб чиқариш, 12 фоизи — маиший соҳада қўлланилмоқда.

Дунё аҳолисининг учдан бир қисмга яқинроғи — 2,3 миллиард киши — сув тиқчиллиги кузатилаётган мамлакатларда, 10 фоиз ёки 733 миллион киши — сув таҳликали даражада етишмаётган давлатларда яшамоқда. Бу 733 миллион киши нафақат қишлоқ хўжалиги, балки шахсий эҳтиёжлари учун ҳам сувга муҳтож.

ФАОнинг маълум қилишича, яқин ўн йилликда янада кўпроқ мамлакат ва ҳудудларда сув тақчиллиги оғирроқ даражага етади. Пекин, Лондон, Мумбай ва Токио каби йирик шаҳарлар 2050 йилга бориб сув таъминоти соҳасида жиддий муаммоларга тўқнаш келиши кутилмоқда.

Сув етишмовчилиги даражасини ўлчаш учун ФАО экспертлари «сув стресси» ёки сув ресурсларига бўлган босим даражаси каби кўрсаткичлардан фойдаланади. Улар сув истеъмолининг захираларга нисбатан фоизини ҳисоблайдилар.

2018 йилда дунёда чучук сув захираларининг 18,4 фоизидан фойдаланилган. Бироқ айрим ҳудудлар, масалан Марказий Осиёда сув истеъмоли ҳажми дунё бўйича ўртача кўрсаткичлардан ошиб кетган.

ФАО 2015−2018 йиллар орасида дунёда сув истеъмоли самарадорлиги кўрсаткичи 9 фоизга ўсганини қайд этди. Мазкур ижобий ўзгариш асосан саноат ишлаб чиқариш сектори ҳисобига содир бўлган.

86 та давлатда 2006−2018 йиллар орасида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ўсган.