Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг "нутқи" ортидан ижтимоий тармоқларда баъзи масжидлар ёпилар экан, айрим имомлар ишдан бўшар экан, деган мазмундаги хабарлар кенг тарқалди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати "Ўзбекистонда масжидлар очилади, ёпилмайди!" дея хабар тарқатди.
Унда айтилишича, масжид имом-хатибини ишга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш масаласи ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади. Демак, ҳуқуқий тамойилларни инкор этиш, Ўзбекистон аҳолисининг ҳақ-ҳуқуқлари, диний қадриятлари ва эҳтиёжларига ҳурматсизлик кўрсатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Масжидларни ёпиш масаласи мансабдор шахснинг ваколатига кирмайди, балки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 409-сон қарори асосида ижро қилинади.
"Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ислом шиорлари, имом-домлалар ва масжидларга нисбатан билдирилган ҳар қандай номақбул фикрларга нисбатан доимо муросасиздир" дейилади хабарда.
Сўнгги йилларда республикамизда 24 та янги масжид очилди. 106 та масжид тўлиқ янгидан қурилди, 231 та масжид капитал таъмирдан чиқарилди.