Ўзбекистонда миллий тест тизими учун онлайн рўйхатга олиш бошланди

Ўзбекистонда миллий тест тизими учун онлайн рўйхатга олиш бошланди

1 декабрдан бошлаб босқичма-босқич бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасидаги умумтаълим фанларидан билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими учун онлайн рўйхатдан ўтиш бошланди. Бу ҳақда Давлат тест маркази матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 2021/2022-ўқув йили қабулидан бошлаб тегишли умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорсионал) балл берилади.

Сертификатлаш қуйидаги муддатларда жорий этилади:

  • 2020 йил 1 декабрда она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) ҳамда математика фанлари бўйича;
  • 2021 йил 1 февралда кимё ва биология фанлари бўйича;
  • 2022—2024 йилларда физика, география ва тарих фанлари бўйича.

Қарорда тест синовида иштирок этиш учун талабгордан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўлов ундирилиши белгиланган. Сертификат тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга берилади.

Талабгорларни онлайн рўйхатга олиш my.dtm.uz сайти орқали 20 декабрга қадар давом этади.