Ўзбекистонда мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар давлат бюджетидан қўшимча 1,4 триллион сўм олади

Ўзбекистонда мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар давлат бюджетидан қўшимча 1,4 триллион сўм олади

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати 21 октябрь куни ўтказилган 20-ялпи мажлисда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағлари бошқарувчиларига 2021 йилда 11,69 триллион сўмга (1,1 миллиард доллар атрофида) ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларини оширишни маъқуллади. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар берди.

Тасдиқланган ўзгаришларга кўра, «бошқа ташкилотлар» бюджети 24,69 триллион сўмдан — 26,12 триллион сўмга, яъни жами 1,43 триллион сўмга (133,7 миллион доллар) кўпаяди. Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев ушбу маблағлар қўшимча штатларни ташкил қилиш, лавозимлар ва ойликларни ошириш, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳамда айрим идораларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилишини маълум қилди.

Сенат хабарида қайд этилишича, маблағлар «мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни сақлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш харажатларига йўналтирилади».

Эркин Гадоев аниқлик киритишича, бюджет харажатларининг ортишига қарамасдан йил якунига қадар даромадлар қўшимча манбалар ҳисобига 147,2 триллион сўмдан 173 триллион сўмгача ортиши кутилмоқда.