Ўзбекистонда ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилинмаган — ИИВ

Ўзбекистонда ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилинмаган — ИИВ

30 декабрь куни Telegram’даги «Namanganliklar.uz» каналида Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилинганини айтган видеоси эълон қилинди.

Видеода ЙҲХ ходими нима учун ниқоб тақмасдан юргани бўйича берилган саволга «ниқоб тақиш 1 ноябрдан ‘отмен’ бўлган», дея жавоб берган.

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, нашр ушбу ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохрух Ғиёсовдан изоҳ сўраган.

Унинг маълум қилишича, тиббий ниқобни тақиш мажбурияти коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан бекор қилинмаган. «Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг ҳаракатларига тегишли ҳуқуқий баҳо берилади», — деган ИИВ матбуот котиби.