Ўзбекистонда об-ҳаво кескин пасайиши кутилаётгани сабаб ЙҲХББ ҳайдовчиларга шиналар ҳолатига эътиборли бўлишга чақирди

Ўзбекистонда об-ҳаво кескин пасайиши кутилаётгани сабаб ЙҲХББ ҳайдовчиларга шиналар ҳолатига эътиборли бўлишга чақирди

Ўзбекистонда об-ҳаво кескин пасайиши кутилаётгани сабабли ЙҲХББ ҳайдовчиларни транспорт воситаларининг техник созлигига, шиналар совуқ об-ҳавога чидамлигига эътиборли бўлишга чақирди.

«Ўзгидромет» берган маълумотга кўра, 30 сентябрда Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 1—3 октябрда республиканинг қолган ҳудудларига Волга бўйи орқали Россия Европа қисмининг (Москва вилояти) марказий ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади.

1—3 октябрда ҳаво ҳарорати кечаси 3-8 даражагача, кундузи 12-17 даражача, шимолда кечаси 0-5 даражагача илиқ, кундузи 10-15 даражагача пасаяди. 1—2 октябрда республика бўйича баъзи жойларда, 3 октябрда Фарғона водийси вилоятларида ёмғир ёғади, 2—3 октябрда тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин.

«Об-ҳаво шароитининг кескин ўзгариши кутилаётганини инобатга олиб, барча ҳайдовчилардан бошқарувидаги транспорт воситасининг техник созлигини текшириб, шина протектори нақшларининг қолдиқ баландлиги белгиланган меъёрда бўлишига эътиборли бўлиб, йўлларда ўта эҳтиёткорлик билан қоидаларга риоя қилган ҳолда ҳаракатланишларини сўраймиз», — дейилади ЙҲХББ хабарида.