Ўзбекистонда Ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлиги ташкил этилади

Ўзбекистонда Ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлиги ташкил этилади

Шавкат Мирзиёевнинг «Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимёвий таҳлил тизимларида давлат бошқарувини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамиятининг:

  • «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамияти ва ҳудудий «Агрокимёҳимоя» акциядорлик жамиятларини қишлоқ хўжалиги тармоқларида ташкил қилинаётган агросаноат кластерлари фаолиятининг тўлиқ шаклланиб бориши билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб хусусий секторга босқичма-босқич ўтказиш;
  • «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамиятининг ўсимликларни ҳимоя қилиш тузилмалари, шу жумладан, Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги Чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати филиаллари, «Агрокимё станцияси» масъулияти чекланган жамияти, унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий филиалларини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказган ҳолда вазирлик ҳузурида Ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлиги ва Агрокимёвий таҳлил маркази давлат муассасасини ташкил этиш;
  • «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамияти, ҳудудий «Агрокимёҳимоя» акциядорлик жамиятлари ва уларнинг таркибий тузилмалари балансидаги бюджет ва хўжалик маблағлари ҳисобига сотиб олинган асосий воситаларни агентлик ва марказ ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари балансига ўтказиш;
  • «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамияти тизимидаги ҳудудий «Агрокимёҳимоя» акциядорлик жамиятларининг 156 та филиаллари сонини маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда 2021 йилда 56 тага мақбуллаштириш;
  • «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамияти томонидан ҳудудий «Агрокимёҳимоя» акциядорлик жамиятларининг филиалларига тегишли шохобчалар ва бошқа бино-иншоотлар ҳамда техника воситаларининг бир қисмини кейинчалик электрон аукционда сотиш шарти билан уларнинг солиқдан бўлган қарзи ва бюджетдан ажратилган фоизсиз ссуда маблағлари бўйича қарздорликларини қисқартириш ҳисобига бозор қийматида Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш;
  • «Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти» масъулияти чекланган жамиятини давлат муассасасига айлантирган ҳолда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш марказига ўтказиш ва «Республика ўқув-ишлаб чиқариш биолабораторияси» масъулияти чекланган жамиятнинг функциялари, мажбуриятлари ва мол-мулкини Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институтига бериш;
  • ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида илмий изланишлар кўламини кенгайтириш, илм-фан ва амалиёт интеграциясини таъминлаш мақсадида 2021–2022 йилларда республиканинг барча ҳудудларида ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институтининг филиалларини ташкил этиш, шунингдек, мазкур илмий-тадқиқот институти ҳузурида соҳа мутахассислари ва раҳбар ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар агентликнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланади:

  • ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва назоратини юритиш, ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни амалга оширишни таъминлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш;
  • ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш, долзарб муаммо ва мавзулар бўйича илмий тадқиқотлар йўналишларини белгилаш, фитосанитария амалиётига фундаментал ва амалий тадқиқотлар натижаларини, инновацион ишланмаларини жорий этишни мувофиқлаштириш;
  • ўсимликлар зараркунандалари ва касалликларига қарши кураш йўналишида янги турдаги энтомофаг, бошқа биологик воситалар интродукциясини йўлга қўйиш, органик маҳсулотлар етиштириш билан боғлиқ тадбирларни қўллаб- қувватлаш;
  • қишлоқ хўжалиги экин майдонлари, жумладан, боғ-токзорлар, сабзавот, полиз ва картошка экинлари, иссиқхоналар ва аҳоли томорқа ерларида зараркунанда, касаллик ва бегона ўтларга қарши курашишда уйғунлашган ҳимоя қилиш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш чора-тадбирларини белгилаш ва амалга ошириш;
  • қишлоқ хўжалиги экин майдонларида зараркунанда, касалликлар ва бегона ўтларнинг ривожланиши ва тарқалишини башорат қилиш, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларига бўлган илмий талабни шакллантириш, ишлов ўтказиладиган майдонлар ҳажми ва ишлов турларини белгилаш, экин майдонларида фитосанитария ҳолати мониторингини юритиш ва зарарли организмларга қарши ишлов ўтказиладиган майдонларни тўлиқ назорат қилиш;
  • чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш, агрокимёвий таҳлил хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида давлат-хусусий шериклик тизимини ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб қилиш;
  • халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда илғор технологиялар ва иш услубларини ўсимликларни ҳимоя қилиш хизмати фаолиятига татбиқ этиш;
  • кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни тизимли ташкил этиш, раҳбарлар ва мутахассисларнинг иш тартиби ва усулларини такомиллаштириш, зиммаларига юкланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли адо этишда уларнинг масъулиятини ошириш.

Белгиланишича:

а) агентлик ва марказ ўз фаолияти бўйича Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳисобот беради;

б) агентлик ва марказнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, шунингдек, корхона, муассасалар, кластерлар, кооперациялар, ердан фойдаланувчилар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;

в) агентлик ходимлари қишлоқ хўжалиги экин майдонларига, боғ ва токзорларга, кластер, кооперациялар, фермер, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ерларига, давлат ўрмон фонди ерларига, чегара ҳудудларга, шунингдек, иссиқхоналарга монеликсиз кириш ва фитосанитария ҳолати бўйича назоратни юритиш ҳуқуқига эга;

г) агентлик ходимлари томонидан берилган кўрсатмаларнинг бажарилиши жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий ҳисобланади;

д) агентлик ва унинг бўлинмалари ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекистон давлат назорат органларининг ягона тизимини ташкил этади;

э) агентлик ва марказ ходимларига Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади;

ж) агентлик ва унинг бўлинмалари, марказ ва унинг тизим муассасалари Ўзбекистон Давлат бюджети ва қонун ҳужжатлари билан та’қиқланмаган бошқа манбалари ҳисобидан таъминланади;

з) агентлик директори:

  • Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
  • мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

и) агентлик директорининг ўринбосарлари агентлик директорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

к) марказ директори Қишлоқ хўжалиги вазири томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади.