Ўзбекистонда пандемия бошидан буён тахминан 5,2 млн киши камида бир марта моддий ёрдам олган

Ўзбекистонда пандемия бошидан буён тахминан 5,2 млн киши камида бир марта моддий ёрдам олган

Тошкентда 12 март куни COVID-19 пандемиясининг 2020 йил апрелидан 2021 йил январигача бўлган даврда мамлакат фуқароларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва психологик саломатлигига таъсирини баҳоловчи «Ўзбекистон фуқароларини тинглаш» («ЎФТ») лойиҳаси доирасида ўтказилган тадқиқот натижалари тақдим этилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва Ривожланиш стратегияси маркази томонидан Жаҳон банки кўмагида 2018 йилдан бошлаб амалга оширилаётган ушбу лойиҳа доирасидаги сўровномаларда мамлакат бўйлаб ҳар ой 4000 уй хўжаликлари қатнашмоқда. Унда, шунингдек, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги 600 та маҳалла раислари ҳам иштирок этмоқда.

2020 йилнинг март ойида биринчи умуммиллий карантин жорий этилиши ортидан лойиҳа пандемиянинг фуқаролар ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги ва психологик саломатлигига таъсирини ҳам кузатишни бошлаган. Инқироз бошланганидан буён жами 18 000 дан ортиқ уй хўжаликлари ва 4000 дан ортиқ маҳалла раислари сўровномада қатнашган.

Сўров натижаларига кўра, 2020 йил апрель ойидан буён тахминан 5,2 миллион кишига шошилинч ёрдам кўрсатилган. Уларга нафақалар, ваучерлар (68 фоиз) ёки бир марталик пул маблағи (29 фоиз) шаклида давлат томонидан ёрдам берилган.

Ёрдам олиш тўғрисидаги хабарлар шаҳардан келган респондентлар орасида икки баравар кўп учрайди. Умуман олганда, моддий ёрдамни даромади паст уй хўжаликларига манзилли етказишга эришилган.

2020 йилнинг сўнгги ойларида маҳалла раислари фуқароларнинг ижтимоий ёрдам бўйича мурожаатлари сони камайгани ҳақида хабар берган. Шундай қилиб, болали оилаларга (0 ёшдан 2 ёшгача) болаларни парвариш қилиш бўйича нафақа олиш учун янги мурожаатларнинг сони август ойида маҳаллаларнинг 58 фоизида кузатилган бўлса, 2021 йилнинг январь ойида бу рақам 28 фоизни ташкил этган. Болали, кам таъминланган (2 ёшдан ошган) оилалар учун имтиёзлар бўйича янги аризалар сони шу давр мобайнида маҳаллаларнинг 51 фоиздан 32 фоизга тушган.

Кам таъминланганлар учун бошқа имтиёзлар бўйича аризалар (оилада фарзандлар борлиги билан боғлиқ бўлмаган) август ойида маҳаллаларнинг 56 фоиздан 2021 йилнинг январь ойида 21 фоизга қадар камайган. Август ойида бошқа хайрия жамғармаларига ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар маҳаллаларнинг 46 фоизида кўриб чиқилган бўлса, уларнинг сони 2021 йилда деярли нолга тушган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, фуқароларнинг шошилинч ва ижтимоий ёрдам сўраб қилган мурожаатларининг камайиши ижобий тенденция сифатида қаралиши мумкин, чунки бу аҳолининг иқтисодий аҳволи изчил яхшиланаётганлиги кўрсаткичларидан биридир.

«‘Ўзбекистон Фуқароларини тинглаб’ лойиҳасини амалга ошириш давомида тўпланган маълумотлар камбағалликни камайтириш бўйича самаралироқ ва одамларнинг реал эҳтиёжларига яқинроқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишга ёрдам беради», — деган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов.