Ўзбекистонда педофилия учун жазо кучайтирилди

Ўзбекистонда педофилия учун жазо кучайтирилди

19 ноябрь куни сенаторлар қонунга ўзгартиришларни маъқулладилар, унга кўра Ўзбекистонда вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, жумладан, болаларга нисбатан ножўя ҳаракатлар учун жазо кучайтирилади. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Бундан ташқари, вояга етмаганларга нисбатан инсонпарварлик муносабатини кучайтириш мақсадида жиноий жавобгарликка тортиш ёши 13 ёшдан 14 ёшгача оширилмоқда.

Шунингдек, эндиликда вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилиш муддатлари алоҳида белгиланиб, вояга етмаган бола, гувоҳ, гумон қилинувчи ёки айбланувчини сўроқ қилишда психолог иштирокини таъминлаш назарда тутилмоқда.

«Бунинг натижасида мамлакатимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишига эришилади, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш имконияти яратилади», — дейилади хабарда.