Ўзбекистонда президентнинг 500 га яқин эскирган ва аҳамиятини йўқотган ҳужжатлари бекор қилинди

Ўзбекистонда президентнинг 500 га яқин эскирган ва аҳамиятини йўқотган ҳужжатлари бекор қилинди

«Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» президент фармони қабул қилинди.

Фармон билан президентнинг 500 га яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатлари бекор қилинди.

Фармонга мувофиқ, қуйидагилар амалга оширилади:

- Олий Мажлис палаталари, президент, ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг индивидуал ва ташкилий тусдаги ҳужжатларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқлаш мезонларини белгилаш;

- янги таҳрирдаги қонун ҳужжатини қабул қилиш ўрнига янги қонун ҳужжатини қабул қилиш амалиётини жорий этиш;

- Президент ва ҳукуматнинг расмий саналарни нишонлашда ишланмайдиган кунни белгилаш, дам олиш кунини кўчириш ҳамда тадбирларни ўтказиш ҳақидаги ҳужжатларини йил якуни бўйича ўз кучини йўқотган деб топиш амалиётини жорий қилиш;

- қонунчилик базасини хатловдан ўтказиш ва уни тизимлаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.

Шунингдек, фармонга кўра:

- қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тартибга солишнинг таъсирини баҳолаш лойиҳани ишлаб чиққан ташкилотлар томонидан regulation.gov.uz портали орқали;

- амалдаги қонун ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳуқуқий мониторинг бўйича электрон майдончадан фойдаланган ҳолда;

- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш “E-Qaror” ягона электрон тизимдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Қуйидагиларни назарда тутувчи тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича таҳлилий материаллар қонун ҳужжатлари лойиҳаларига илова қилиниши шарт:

- муаммо таҳлили ва ҳал этиш йўллари;

- рақобатга таъсирнинг баҳоси;

- янги тартибга солиш воситалари ва уларни жорий этишнинг эҳтимолий оқибатлари прогнози ва баҳоси;

- фуқаролар ва тадбиркорлар учун фойда ва харажат таҳлили.