Ўзбекистонда профилактика инспекторларига қўшимча ваколатлар берилмайдиган бўлди

Ўзбекистонда профилактика инспекторларига қўшимча ваколатлар берилмайдиган бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 19 апрель куни профилактика инспекторларига қўшимча ваколатлар берилишига қарши овоз берди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 19 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Қуйи палатанинг 7 апрель куни бўлиб ўтган мажлисида ушбу лойиҳа муҳокамаларга сабаб бўлиб, биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан қабул қилинган эди.

Лойиҳа билан электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жазо қўллаш ваколати ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларига берилаётгани муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Амалда бу турдаги қоидабузарликлар билан Мажбурий ижро бюроси органлари шуғулланиб келган. Муҳокамаларда депутатлар ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларига қўшимча тариқасида берилаётган вазифалар қатор муаммоларни келтириб чиқариши таъкидланган. Бу уларда асосий ишидан ташқари иш кўлами ортишига, манфаатлар тўқнашуви, коррупцион ҳолатлар кўпайишига сабаб бўлиши мумкин.

Таъкидланишича, мунозараларда иштирок этган ИИВ масъуллари ҳам белгиланаётган нормаларга қўшилмаслигини билдириб, бугунги кунда профилактика инспекторлари зиммасига кўплаб вазифалар юклатилаётгани, ҳар қайси жиҳатдан ёндашилган тақдирда ҳам қўйилган вазифани бажаришга амалий вақт етмаслигини, қолаверса, профилактика инспекторлари бу соҳада алоҳида мутахассис эмасликларини қайд этди. Қонун лойиҳаси овозга қўйилгач, депутатларнинг кўпчилиги унга қарши овоз берди. Мажлисда қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди.