Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасалари ходимларига персонал видеорегистратор (бодикамера) билан хизматни ўташ тартиби татбиқ этилади

Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасалари ходимларига персонал видеорегистратор (бодикамера) билан хизматни ўташ тартиби татбиқ этилади

Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасалари ходимларига персонал видеорегистратор (бодикамера) билан хизматни ўташ тартиби татбиқ этилади. ИИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, бу ҳақда 26 март куни имзоланган «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонида белгиланган.

Фармонга асосан маҳкумларнинг «электрон назорати»ни таъминловчи ахборот технологияларини жорий этган ҳолда, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштирилади.

Хусусан:

  • ходимлар персонал видеорегистратор (бодикамера) билан хизматни ўташ тартиби татбиқ этилади;
  • маҳкумларнинг жазони ўташ тартибини бузиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида кузатиш ва мустақил назорат қилиш имкониятига эга интеллектуал камералар (Smart) тизими муассасаларга ўрнатилади;
  • тақиқланган буюмларни олиб кириш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш мақсадида муассасаларнинг назорат ўтиш жойларида бодисканерлар ўрнатилади;
  • жазони ўташ жараёнида маҳкумнинг хулқ-атвори ва шахси ҳақидаги «ахборот портрети»ни тузиш ва озодликка чиқишидан 2 ой олдин яшаш жойи бўйича ҳудудий ички ишлар органларига хабар бериш имкониятини берувчи ягона электрон тизим яратилади.

Ушбу чора-тадбирларни амалга оширишнинг дастлабки муддати этиб 2021—2023 йиллар кўрсатилган. Жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг январида Зангиотадаги жазони ижро этиш муассасалари ходимлари тест режимида бодикамералар билан таъминланганди. Жазони ижро этиш бош бошқармаси Тарбиявий ва ижтимоий психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов бу босқичма-босқич оммалаштирилишини айтганди.