Ўзбекистонда табиий винога акциз солиғи бекор қилиниши кутилмоқда

Ўзбекистонда табиий винога акциз солиғи бекор қилиниши кутилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 июль куни узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда экотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда узумчиликни кенг кўламда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Аввало, тоғолди туманларида йирик узумчилик плантацияларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Мисол учун, 2020 йили Олтиариқ туманида ғалла майдонлари қисқартирилиб, 2 минг гектар ерда йирик узумзорлар барпо этилган эди. Уларда тумандаги 5 минг нафар аҳоли доимий иш билан таъминланди.

Бунинг эвазига қўшимча 60 минг тонна узум етиштирилиб, унинг экспорти кейинги йилда қарийб 100 миллион долларга, тўлиқ ҳосилга киргандан кейин эса йилига 200 миллион долларга етади.

Шунингдек, Фориш, Ғаллаорол, Янгиобод, Чироқчи, Пайариқ, Қўшработ туманларида ҳам янги токзорлар барпо этилган.

Шундай тажриба асосида Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги 44 та туманда янги экспортбоп узум плантациялари ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари ушбу плантацияларга хизмат кўрсатиш инфратузилмасини йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида узумчиликни ривожлантириш, кўчат билан таъминлаш ва касалликлардан ҳимоя қилиш бўйича Лойиҳа офислари ташкил этилиши белгиланди.

Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳамда бошқа илмий муассасаларнинг ерларида сертификатланган узум кўчатлари етиштириш йўлга қўйилади. Токзорлар барпо этиш ва эскиларини янгилашни рағбатлантириш мақсадида сертификатланган янги узум плантацияларининг ҳар бир гектарига 10 миллион сўмдан субсидия берилади.

Узумзорлар ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 миллион доллар ресурс ажратилади.

Мева-сабзавотлар тўкинлигида аҳоли томорқалари ҳам катта манба. Мисол учун, Булоқбоши туманидаги хонадонларда 5 минг тонна узум етиштирилиб, 15 миллиард сўм даромад олиниши кутилмоқда.

Президент бу тажрибани барча ҳудудларда оммалаштириб, томорқа четларида, йўл бўйларида узум етиштириш анъанасини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда соҳага илм ва инновацияларни кенг жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Инновацион ривожланиш вазирлигига хорижий тажриба асосида узумнинг ҳосилдор, данаксиз, совуққа ва касалликларга чидамли янги навларини яратиш бўйича топшириқ берилди.

Токни фақатгина шпалерга кўтариш ҳисобига ҳосилдорликни 2–3-баравар кўпайтириш мумкинлиги қайд этилди. Буни қўллаб-қувватлаш мақсадида энди шпалер ўрнатиш харажатларининг 30 фоизгача қисми бюджетдан қопланиши белгиланди. Шунингдек, узумчиликда қўлланиладиган асбоб-ускуналар ва техникалар божхона тўловларидан озод этилади.

Давлат раҳбари узумни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришнинг тўлиқ циклини яратиш учун виночилик кластерлари ташкил этиш кераклигини таъкидлади.

Уларга узумни қайта ишлаш, майиз қуритиш ва қадоқлаш ускуналарини сотиб олиш учун молиявий имтиёзлар бериладиган бўлди. Шунингдек, табиий виноларга нисбатан акциз солиғи бекор қилиниши белгиланди.

Экспорт имкониятлари таҳлил қилинар экан, жорий йилда хўраки узум экспортини 200 миллион долларга, майизбоп узум экспортини 130 миллион долларга, табиий узум виноси экспортини 50 миллион долларга етказиш мумкинлиги айтилди.

Ўзбекистон узум навларининг миллий брендини яратиб, хорижда тарғиб этиш, салоҳиятли бозорлар билан фитосанитар келишувларга эришиш бўйича топшириқлар берилди.

«Тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар келгуси йилларда экспортни яна-да ошириш учун ўзларининг аниқ режаларини белгилаб олишлари керак. Бундан буён, етиштирилган ҳосил 30 фоизигача экспорт қилинса, даромад ва мулк солиқлари 30 фоизга, экспорт 30 фоиздан ошса, 2 бараварга камайтирилади. Шунингдек, экспорт қилинган ҳар бир литр табиий вино учун, 5 минг сўм субсидия ажратилади:, – деди Шавкат Мирзиёев.

Узумзорларда экотуризм учун зарур инфратузилма яратиш чора-тадбирларига ҳам тўхталиб ўтилди.