Ўзбекистонда тез ёрдам хизмати нега кечикиб келади?

Ўзбекистонда тез ёрдам хизмати нега кечикиб келади?

Ҳаёт синов ва тасодифлардан ҳоли эмас. Кутилмаганда рўй берадиган бахциз ҳодисалар, фавқулодда ҳолатлар пайтида ёки касалликлар ҳуруж қилганда ҳар қандай инсон шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлади. Мамлакатимизда бу йўналишда шаклланган замонавий тиббий ёрдам тизими халқимизга тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатишда муҳим омил бўлмоқда. Кейинги йилларда ушбу тизимнинг моддий-техник базаси такомиллашмоқда. 

Шошилинч тиббий ёрдамнинг тезкорлиги, сифат ва самарадорлигини оширишга йўналтирилган ишлар ўз самарасини бермоқда. Бироқ, давлатимиз томонидан яратилаётган замонавий шароитларга қарамай, соҳада ҳали қатор ўйлантирадиган масалалар ҳам йўқ эмас. Масалан, баъзи ҳолларда чақириқ жойига “тез ёрдам”нинг кечикиб бориши ана шундай масалалардан биридир.

Жумладан, жорий йилнинг 11 ойи давомида умумий мурожаатларнинг 2,3 фоиз ҳолатларда чақириққа кечикиб келиш ҳолатлари юз берган. Тўғри, бу фоиз ўтган йиллардаги бу борадаги кўрсаткичларда анча паст. Аммо шу ўринда, хўш, “103” хизмати ходимлар ва ихтисослашган автотранспорт воситалари билан тўлиқ таъминланган бўлса, унда нега баъзи ҳолларда тез ёрдам кечикади, деган ҳақли савол туғилиши табиий. 

Мутахассисларнинг фикрича, бунга бир томондан мурожаатлар сони кўплиги бўлса, иккинчи томондан аксарият ҳолатларда йўлларда “тез ёрдам” машинасига йўл берилмаслик, асоссиз ва ёлғон чақириқлар билан боғлиқ ҳолатлар сабаб бўлмоқда. Биргина жорий йилнинг 11 ойи давомида ушбу хизматга 94 мингдан ошиқ шошилинч бўлмаган ҳолатлардаги мурожаатлар, 133 мингга яқин натижасиз чақириқлар ҳамда сурункали касалликлари бўлган беморлардан 832 мингга яқин қўнғироқлар келиб тушган.

Тараққий этган хорижий давлатларда йўлларда “тез ёрдам” машиналари учун алоҳида йўлаклар барпо этилган. Бу йўллар доимо очиқ туради. Шу билан бирга, “тез ёрдам”га йўл бўшатиб бериш бўйича ҳайдовчиларда шахсий масъулият жуда юқори. 

Мамлакатимизда кейинги йилларда бунёдкорлик ишлари жараёнида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Аммо қилиниши керак бўлган ишлар ҳам талайгина. 

Чунки, йўлларимизда “тез ёрдам” машинасига йўл бермаслик ҳолатлари ҳали ҳам тез-тез учрамоқда. Қачонки, машина чақирув сигналини ёқсагина, йўл бўшатилиши мумкин. 

Афсуски, чақирув сигналига парво қилмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Ҳолбуки, бу ҳаётда ҳеч бир инсон тасодифий бахциз ҳодисалардан, соғлиғи билан боғлиқ муаммо юз беришидан               кафолатланмаган"-дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборотида.