Ўзбекистонда тиббий буюмларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун лицензия талаб қилинмайди

Ўзбекистонда тиббий буюмларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун лицензия талаб қилинмайди

«Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун Президент томонидан имзоланди.

Қонунга мувофиқ, айрим лицензияланадиган фаолият турлари билан рухсатнома ва хабардор қилиш орқали шуғулланишга рухсат берилгани муносабати билан бир қатор қонунларда лицензия талаби бекор қилинган.

Унга кўра, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунда фармацевтика фаолиятининг қуйидаги йўналишларига лицензия олиш талаб қилинмаслиги белгиланди:

тиббий буюмларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, улгуржи реализация қилиш;

дори воситалари ва тиббий буюмларни яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари;

дори воситалари ва тиббий буюмлар сифатини назорат қилиш;

доривор ўсимлик хом ашёсини қадоқлаш ва улгуржи сотиш.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан бошлаб 17 та лицензия ва 14 та рухсатномалар хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинганди.