Ўзбекистонда умумий овқатланиш корхоналари 1 сентябрдан ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади

Ўзбекистонда умумий овқатланиш корхоналари 1 сентябрдан ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади

Шавкат Мирзиёев 25 август куни «Умумий овқатланиш ва туризм соҳаларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:

2021 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади;
2023 йил 1 сентябрга қадар туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.
Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарига маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза юбормасдан туриб, солиқ органларини хабардор қилган ҳолда айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва йиғимлар бўйича 2021 йил 15 август ҳолатига кўра мавжуд қарздорликни, шунингдек, барча солиқлар бўйича жарима ва пеняларни 2022 йил 1 январдан 1 июлга қадар фоизларни ундирмасдан тенг миқдорларда кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда умумий овқатланиш объекти 2021 йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қилиниши ҳақида Президент 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқотда маълум қилганди.

«Пандемия давом этяпти ва бу хизматлар соҳаси, айниқса, умумий овқатланиш ва туризм корхоналари учун қанчалик оғир бўлаётганини, барчамиз кўриб турибмиз, албатта. Бу борада умумий овқатланиш ва туризм корхоналаридан ўтган йили берилган имтиёзларни узайтириш бўйича 300 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.

Шу боис жами 13 мингта умумий овқатланиш корхонасини йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қиламиз. Бу имконият уларга 30 миллиард сўм қўшимча кўмак деганидир. Уларнинг бошқа солиқлардан мавжуд 35 миллиард сўм қарзлари муддатлари жорий йил якунигача узайтирилади, кредитларини қайтариш ҳам кечиктирилади», — деган эди давлат раҳбари.