Ўзбекистонда уй-жой нархлари 2,3 фоизга ошди

Ўзбекистонда уй-жой нархлари 2,3 фоизга ошди

Марказий банк таҳлилларига кўра, Ўзбекистонда 2021 йилнинг учинчи чорагида иккиламчи кўчмас мулк бозоридаги нархлар ўтган чоракка нисбатан 2,3 фоизга ошди. Бу ҳақда «Спот» хабар қилди.

Маълум бўлишича, уй-жой бозоридаги бу каби қизиқиш иқтисодий тикланишнинг давом этаётгани, даромаднинг ўсиши, шунингдек, фуқароларнинг кўчмас мулк кўринишидаги жамғармаларини тежашга интилиши билан боғлиқ.

Шу билан бирга, ўсиш суръати бироз секинлашган. Учинчи чоракдаги нархларнинг ўртача ўсиши (2,3 фоиз) иккинчи чоракка (5,7 фоиз) нисбатан пастроқ бўлган.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудидан 6 тасида нархларнинг пасайиши кузатилган. Энг катта шўнғиш Хоразм вилоятида (-9,8 фоиз) қайд этилган.

Қайд этилишича, бу тенденция баъзи ҳудудларда бирламчи бозорларда уй-жой сотиб олишнинг кенг тарқалгани билан боғлиқ.

Талаб ва кўчмас мулк нархларининг ўсишига аҳолининг жамғарма фаоллиги таъсир кўрсатади. Марказий банкнинг сентябрь ойидаги инфляцион кутилмалар бўйича ўтказган сўровида респондентларнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғи ўз маблағини кўчмас мулк кўринишида сақлашни режалаштираётганини билдирган.

Таъкидланишича, учинчи чоракда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган битимлар сони 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 17,3 фоизга ўсган. Бироқ сентябрь ойида пасайиш кузатилиб, август ойига нисбатан 10 фоизга камроқ шартномалар тузилган. «Бу кўчмас мулк бозорида нархларни янада барқарорлаштиришнинг биринчи шарти бўлиши мумкин», — дейилади Марказий банк ҳисоботида.

Қурилиш бозоридаги ўсиш суръати уй-жой нархига таъсир қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Учинчи чорак якунига кўра, ўсиш 4,5 фоизни ташкил этган. Бу 2020 йил (8,6 фоиз) ва 2019 йил (24,2 фоиз) кўрсаткичларидан паст.

Шунингдек, кўплаб мамлакатларда қурилиш фаоллигининг кучайиши, етказиб бериш занжиридаги узилишлар ва юқори транспорт харажатлари туфайли қурилиш материаллари нархи кескин кўтарилган. Ўзбекистонда январь—сентябрь ойлари давомида қурилиш соҳасидаги нарх ўртача 4,65 фоизга ошган.