Ўзбекистонда вакцина олиши кўзда тутилган аҳолининг қанчаси тўлиқ эмлангани маълум қилинди

Ўзбекистонда вакцина олиши кўзда тутилган аҳолининг қанчаси тўлиқ эмлангани маълум қилинди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцинация бошланганига ярим йил бўлди. Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакцинацияга оид ярим йиллик статистик маълумотлар таҳлилини эълон қилди.

Унга кўра, Ўзбекистонда 30 сентябрга келиб эмланиши кўзда тутилган (18 ёшдан юқори бўлган 21,5 миллион киши) аҳолининг 53,6 фоизи (11 491 111 нафари) коронавирусга қарши биринчи доза вакциналарини олиб бўлди.

Шу вақт давомида мамлакатда эмланиши режалаштирилган аҳолининг 21,2 фоизи, яъни 4 539 621 нафари тўлиқ эмланди.

Шундан:

  • 534 764 нафари 65 ёшдан ошганлар,
  • 332 722 нафари тиббиёт ходимлари,
  • 290 071 нафари мактаб ўқитувчилари,
  • 109 235 нафари мактабгача таълим муассасалари ходимлари,
  • 478 896 нафари сурункали касаллиги бор фуқаролар ва ҳоказо.

Коронавирусга қарши тўлиқ эмланган аҳолининг энг катта қисми фарғоналиклардир. Фарғона вилоятида 560 658  нафар фуқаро тўлиқ эмланган бўлиб, коронавирусга қарши тўлиқ вакцина олганлар фарғоналикларнинг 23,2 фоизини ташкил қилмоқда.

Эмлаш жараёнларига жалб қилинган аҳоли сони бўйича Андижон вилояти етакчилик қилмоқда. Умумий эмлаш статистикасига кўра Фарғона, Наманган, Андижон вилоятлари эмлаш жараёнларида пешқадам бўлиб турибди.

Айни пайтда эмлаш жараёнларида 5 турдаги вакцинадан фойдаланилмоқда: ZF-UZ-VAC2001 (ўзбек-хитой), AstraZeneca, «Спутник V», Moderna ва Pfizer/BioNTech.

Ярим йил давомида жами 20 781 994 доза вакцина қўлланилган бўлса, шундан 78 фоизи ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасидир. Жами қўлланилган ўзбек-хитой вакцинаси 16 120 621 дозага етган.

Айни пайтда ўзбек-хитой вакцинаси билан тўлиқ эмланган аҳоли сони 2,6 миллион нафардан ортиқни ташкил этади.

Шу пайтга қадар Ўзбекистонга 20 499 668 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси келтирилган.  Шунингдек, ушбу вакцинани Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди.

Ярим йил давомида жами қўлланилган вакцинанинг 5 фоизини AstraZeneca ташкил қилмоқда. Умумий ҳисобда қўлланилган AstraZeneca вакцинаси 1 125 557 дозага етган. Айни пайтда 462 минг нафардан ортиқ фуқаро AstraZeneca вакцинаси билан тўлиқ эмланган.

30 сентябрь ҳолатига кўра, ярим йил давомида эмлаш жараёнларида умумий ҳисобда 447 855 доза «Спутник V» вакцинаси қўлланилди. Айни пайтда 218 минг нафардан ортиқ фуқаро ушбу вакцина билан тўлиқ эмланган.

Вазирлик хабарида таъкидланишича, Россияда ишлаб чиқарилган ушбу вакцина  биринчи ва иккинчи босқичда эмлаш учун алоҳида-алоҳида компонентларга эга бўлиб, 1-доза учун келтирилган компонентни 2-доза учун қўллаш мумкин эмас.

Умумий қўлланилган вакцинанинг 13 фоизини Moderna вакцинаси ташкил қилмоқда. 30 сентябрь ҳолатига кўра, ушбу вакцинадан жами 2 692 705 доза қўлланилган.

Айни пайтда 1,2 миллион нафардан ортиқ фуқаро Moderna вакцинаси билан тўлиқ эмланган. Шу пайтга қадар Ўзбекистонда жами 3 000 060 доза Moderna вакцинаси келтирилган.