Ўзбекистонда вакцина олмаган ходимларни ишдан четлаштириш тартиби ҳақида маълумот берилди

Ўзбекистонда вакцина олмаган ходимларни ишдан четлаштириш тартиби ҳақида маълумот берилди

Ўзбекистон меҳнат қонунчилигига ходим профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканига оид қўшимча киритилганди. Меҳнат вазирлиги вакцина олмаган ходимларни ишдан четлаштириш тартиби ҳақида маълумот берди.

Вазирликнинг билдиришича, қонунчилик меъёрларини тўғри, аниқ ва бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида тавсиявий характердаги тушунтириш ишлаб чиқилди.

Унга кўра, ходим карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлганда бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли.

Яъни карантинли ва одам саломатлиги учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлашдан ўтишни рад этиш, Меҳнат кодексининг 113-моддаси 3-қисмига асосан ходимни ишдан четлаштириш бўйича буйруқ чиқаришга асос бўлади.

Иш берувчи, карантин ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг тарқалиши таҳдиди муносабати билан эмлашдан ўтиш мажбурияти юзасидан касаба уюшма билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган ички меҳнат тартиб қоидалари, жамоа шартномалари ва бошқа локал ҳужжатларга қўшимча киритиши лозим.

Ишдан четлаштириш бўйича буйруқ чиқаришдан аввал ходимдан эмлашни рад этиш бўйича ёзма ариза олинади. Агар ходим ёзма ариза беришдан бош тортса, ходимнинг эмланишни рад этганлик ва бу бўйича ариза беришдан бош тортганлиги юзасидан далолатнома тузилади. Ишдан четлаштириш бўйича буйруқ билан ходим имзо қўйган ҳолда таништирилади.

Бош санитария врачининг қарорига асосан профилактик эмлашлар ўтказиладиган шартлар олиб ташлангунча, аммо бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган битта профилактик тадбир бўйича жами 3 ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ходим ишдан четлаштирилган даврда унга иш ҳақи ҳисобланмайди.

Ходим ишдан четлаштирилган бўлса, иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси, меҳнат интизоми тўғрисидаги низом ва уставлари, ички меҳнат тартиби қоидаларида белгиланган ишдан четлаштиришнинг максимал муддати давомида, тиббий қаршиликлар бўлмаганда эмлашдан бош тортган ходимларга нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддасига мувофиқ интизомий жазо қўлланилиш чоралари назарда тутилиши мумкин.

Ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра профилактик эмлашдан ўтишни рад этадиган қарши кўрсатма мавжуд бўлганда иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга мувофиқ ходим масофавий иш режимига ўтказилиши мумкин.

Карантин ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг тарқалиши таҳдиди муносабати билан эмлашдан ўтишни ташкиллаштириш иш берувчи томонидан амалга оширилади.

Мазкур нормалар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган локал ҳужжатларда белгиланади.

Маълумот учун, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан мазкур нормага риоя қилиниши юзасидан 27 923 та (7 905 таси хўжалик юритувчи субъектларда, 20 018 таси бюджет ташкилотларида) текширишлар ўтказилган.