Ўзбекистонда велоспорт маҳорат мактаб-интернати очилади

Ўзбекистонда велоспорт маҳорат мактаб-интернати очилади

24 сентябрь куни «Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Қарорга кўра, Велоспорт турларини 2021−2022 йилларда ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Ҳужжатга асосан 2022/2023 ўқув йилидан:

  • Туризм ва спорт вазирлиги тизимига кирадиган Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати;
  • қўшимча 25 та болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ҳамда спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида велоспорт турлари бўйича бўлимлар;
  • Бухоро, Қарши, Навоий ва Термиз олимпия захиралари коллежларида велоспорт турлари бўйича бўлимлар ташкил этилади.

Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати ўқувчиларининг умумий контингенти 100 нафарни ташкил қилади.

Муассасага велоспорт турлари бўйича белгиланган синов имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар 2022/2023 ўқув йилидан ҳар йили 5-синфга қабул қилинади.

2022/2023 ўқув йилидан:

  • Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, барча олимпия захиралари коллежларида велоспорт турлари бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари босқичма-босқич ошириб борилади;
  • Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус ва Фарғона филиалларида велоспорт турлари бўйича бакалавриат таълим йўналиши очилади.

Бундан ташқари, қарорга кўра, Ўзбекистон велоспорт федерацияси ҳузурида Ўзбекистон профессионал велосипедчилар спорт клуби фаолияти йўлга қўйилади.

Ҳужжатга мувофиқ, ҳар йили 3 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида узунлиги 15−20 километрдан кам бўлмаган веломарафонлар ташкил қилинади.

Шунингдек, 2022 йилдан ҳар йили велоспортнинг шоссе (Road) ва тоғ (MTB) турлари бўйича Тошкент вилоятида «Oqtosh-Chorvoq-Mountain», Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида «Save-Aral» кўп кунлик халқаро велопойгалари ўтказилади.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида велошоссе спорт мажмуаси қурилади.