Ўзбекистонда яна бир нодавлат университет очилади

Ўзбекистонда яна бир нодавлат университет очилади

Вазирлар Маҳкамасининг Бухоро психология ва хорижий тиллар университетини ташкил этишга доир қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ҳужжат лойиҳасида мазкур ОТМ “Buxoro psixologiya va xorijiy tillar universiteti” масъулияти чекланган жамияти муассислигида ташкил этилиши кўрсатилган.

Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • Университетда Ўзбекистон ва дунёнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг инновацион дастурларини жорий этиш;
  • республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш;
  • хориж ва Ўзбекистоннинг илғор олий таълим муассасалари ва илмий-амалий психология мактаблари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;
  • ўқув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;
  • таълим жараёнига етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини жалб қилиш;
  • таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;
  • профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш,
  • шу жумладан уларнинг стажировкасини нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш;
  • аҳолининг турли қатламларига ва меҳнат жамоаларига шартномалар асосида психологик хизматлар кўрсатиш.

Университетга ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида бепул (Университет гранти асосида) 10 фоиздан кам бўлмаган абитуриентлар ўқишга қабул қилинади.

Университет Бухоро вилояти Когон туманида ташкил этилади ва у нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади.

Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасида амалда мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари ҳамда тўлов-контракт миқдори ижтимоий-иқтисодий соҳадаги юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёждан ҳамда Университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Муассис томонидан томонидан белгиланади.

Университетда таълим фаолияти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда лицензия берилганидан сўнг бошланади.

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади.