Шавкат Мирзиёевнинг 3 февралдаги фармони билан республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилди, деб хабар бермоқда "Gazeta.uz" нашри.
Шунингдек, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурий этиб белгиланмоқда.
Дарахт ва буталарнинг кесилишига жорий этилган мораторий талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилишини аниқлаган ёки олдини олган фуқароларни рағбатлантириш тизими жорий этилади.
Бунга қадар Президентнинг 2019 йилдаги 30 октябрдаги фармони билан мораторий муддати 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар жорий этилган эди.
Мазкур ҳужжат қабул қилингунга қадар, январь ойида Сергели туманида 14 туп ҳар хил турдаги дарахтлар рухсатномасиз илдиз қисмидан қўпориб ташланди. Оқибатда ўсимлик дунёсига 151 миллион сўмлик зарар етказилди.