Ўзбекистонда йиллик инфляция даражаси 2017 йилдан бери биринчи марта 10 фоиздан ошмади

Ўзбекистонда йиллик инфляция даражаси 2017 йилдан бери биринчи марта 10 фоиздан ошмади

Ўзбекистонда 2021 йилда инфляция даражаси 9,98 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасига таяниб Spot хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, Марказий банк прогноз қилганидек, кўрсаткич 2017 йилдан бери биринчи марта 10 фоиздан ошмаган. Истеъмол нархлари индексининг ўсиши Марказий банк тахмин қилган 10 фоизга мос келган. Асосий инфляциянинг секинлашиши ва монетар шароитларнинг ўртача қаттиқлиги инфляция мақсадига эришишга ёрдам берган.

2021 йилнинг декабрь ойида нархлар 1,26 фоизга ошган. Таққослаш учун, 2020 йилнинг декабрида бу кўрсаткич 1,55 фоизни, 2019 йилнинг декабрида 1,69 фоизни ташкил этган эди.

Декабрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 2 фоизга (ўтган йилнинг шу даврида — 2,4 фоизга), ноозиқ-овқат товар нархлари ноябрь ойидаги каби 0,8 фоизга ўсди (бир йил аввал 0,9 фоизни ташкил этган).

Хизмат кўрсатиш соҳасида нархлар ўртача 0,5 фоизга ошган (2020 йилда 0,9 фоизни қайд этган).

Spot’нинг ёзишича, ўнлаб йиллар давомида Ўзбекистонда инфляция даражаси 3-5 фоизни ташкил этган, бироқ ушбу рақамлар шубҳали.

Статистика шаффоф ва объективроқ бўлган 2017 йилда инфляция 14,4 фоизни ташкил этган эди. 2018 йилда у 14,3 фоизга, 2019 йилда 15,2 фоизга етган. 2020 йилда аввалги минимал кўрсаткич 11,1 фоиз этиб белгиланган эди.

Ҳукумат 2022 йилда инфляцияни 9 фоизга, кейинги йилларда эса 5 фоизга тушириш вазифасини қўйган.