Ўзбекистонда ZF 2001 ваксинаси синовларида иштирок этган кўнгиллилар ҳақида маълумот берилди

Ўзбекистонда ZF 2001 ваксинаси  синовларида иштирок этган кўнгиллилар ҳақида маълумот берилди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан Хитойнинг "Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical" компаниясида ишлаб чиқарилган ZF 2001 рекомбинант ваксинасининг III фаза клиник синовлари амалга оширилмоқда

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 октябр куни Инновацион ривожланиш вазирлиги коронавирусга қарши рекомбинант ваксинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласи бўйича Хитой Фанлар Академияси Микробиология институти ва “Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказган эди. 2020 йил 10 декабр куни Ўзбекистонда коронавирусга қарши рекомбинант ваксинанинг учинчи синов босқичига старт берилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбариятининг 20 та кўнгилли оила аъзолари Хитойдан олиб келинган рекомбинант ваксина билан биринчи дозада эмланди. 05.01.2021 ҳолатига коронавирусга қарши ZF 2001 ваксинасининг III фаза синовларида иштирок этган фуқаролар сони жами 1188 кишини ташкил этди. Уларнинг ҳаммаси ҳам ваксина билан эмланмаган, айримларига пласебо, яъни ваксина билан бир хил кўринишга эга, ўзида номзод ваксина ёки дори воситасини сақламаган бирикма юборилади. Ушбу синов икки томонлама номаълум бўлганлиги учун на шифокор ва на кўнгилли ваксина ёки пласебо олганини билмайди. 5 январ куни ваксина синовларида иштирок этган фуқароларнинг сони 88 нафар кўнгиллини ташкил этди.