Ўзбекистондаги барча афғон қочқинлари бошқа мамлакатга эвакуация қилинди – ТИВ

Ўзбекистондаги барча афғон қочқинлари бошқа мамлакатга эвакуация қилинди – ТИВ

Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган ва қўлга олинган бир гуруҳ афғонистонлик собиқ ҳарбий хизматчилар ва фуқаролар 12-13 сентябрь кунлари Ўзбекистон ҳудудидан бошқа мамлакатга эвакуация қилинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили, вазирлик матбуот котиби Юсуф Қобилжонов Kun.uz'га маълум қилди.

ТИВ матбуот хизмати Ўзбекистондаги афғон қочқинлари сони ва уларнинг қайси давлатга эвакуация қилинганини очиқламади.

Аввалроқ, Reuters ахборот агентлиги «Толибон» Афғонистонни эгаллаши арафасида Ўзбекистонга қочиб ўтган афғон учувчиларини АҚШ томонидан эвакуация қилиш бошланганини маълум қилган ва суратлар ҳам илова қилган эди.

Суратлардан учувчилар Uzbekistan Airways самолётида учиб кетаётганини кўриш мумкин. Шунингдек, учувчилар Термиздаги лагердан чиқаётгани тасвирланган суратлар ҳам илова қилинган.

Эслатиб ўтамиз, август ойи ўрталарда Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида ҳукумат армиясининг 465 нафар учувчиси 46та ҳарбий самолётлар ва вертолётларда Ўзбекистонга қочиб ўтганди. Ўзбекистон ҳукумати учувчиларга зарур ҳимояни тақдим этган ва бир ой давомида уларни озиқ-овқат билан таъминлаган. Бу учун АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга миннатдорчилик билдиргани ҳам маълум.

Халқаро нашрлар эвакуация жараёни 12 сентябрь куни бошлагани ҳақида хабар беришганди, афғонистонликлар ҳозирча БАА ва Қатарга жойлаштирилиши тахмин қилинмоқда.