«Ўзбекистондаги ҳайдовчиларни тайёрлаш тизими бутунлай коррупция ботқоғига ботган» — Комил Алламжонов Ангрендаги ЙТҲга муносабат билдирди

«Ўзбекистондаги ҳайдовчиларни тайёрлаш тизими бутунлай коррупция ботқоғига ботган» — Комил Алламжонов Ангрендаги ЙТҲга муносабат билдирди

Ангренда йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Маълум қилинишича, 8 та транспорт воситаси иштирок этган ЙТҲ оқибатида 7 киши вафот этган, 14 киши жароҳат олган.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўзининг Telegram каналида воқеа ҳақида фикр билдирди.

«Ангренда содир бўлган аварияни кўриб, юрагим эзилиб кетди. Деярли ҳар куни матбуотда шундай ҳолатларни ўқиймиз. Йилига минглаб одамлар ҳалок бўляпти. Аслида бу жуда катта фожиа», — дея таъкидлади у.

Комил Алламжонов расмийларни мамлакатда автоҳалокатларнинг кўпайиб бораётганига эътибор беришга чақирди.

«Ҳукумат бу масалага жуда жиддий аҳамият бериши керак, деб ҳисоблайман», — деб ёзади Алламжонов ўз каналида.

Комил Алламжоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш тизими бутунлай коррупция ботқоғига ботган. У ҳайдовчилик гувоҳномасини пора ёрдамида ёки керакли «қўнғироқ» билан олиш мумкинлигини мисол қилиб келтирди. Бундан ташқари, унинг ёзишича, Ўзбекистондаги ҳайдовчиларнинг 80 фоиздан кўпроғи йўл қоидаларини билмайди.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар, коррупцияга қарши курашиш ташкилотлари агар бу масалага жиддий қарамаса, ўлимлар сони ортса ортяптики, лекин камаймаяпти. Жуда жиддий, қатъий назорат керак бу тизимга. Аҳвол жуда расво ҳолатда», — деди у.

Шунингдек, Комил Алламжонов ўз обуначиларидан кичик сўровнома ўтказишни сўраган.

«Келинг, кичик сўровнома ўтказиб кўринг. Менга ишонмасангиз, атрофингизда ҳайдовчилик гувоҳномаси бор одамдан сўраб кўринг, ‘праваъни ҳақиқатда дарсларга тўлиқ қатнаган ҳолда, ўқиб, тайёргарлик кўриб, ўз билими билан имтиҳон топшириб, олганмикан ёки пул биланми? Аниқ айтаман, ўша атрофингиздаги одамларнинг камида 80 фоизи ўз кучи билан олмаган бўлади гувоҳномани. Жиддий аламли оҳангда, нималар деяпсиз, ўлдим-қолдим пул бермаганман, деса ҳам камида таниш-билиш ва қўнғироқ орқали ишини ҳал қилган бўлиб чиқади, кўрасиз!», — дейди Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси.

Комил Алламжонов пост хулосасида фақат таълим тизимини такомиллаштириш билан муаммони ҳал қилиб бўлмаслигини, уни йўқ қилишга комплекс ёндашув бўлиши кераклигини ёзиб қолдирган.