Ўзбекистонга атом электростанцияси керакми?

Ўзбекистонга атом электростанцияси керакми?

Йигирма биринчи асрни биринчи чораги якунига яқинлашиб қолсак ҳам Ўзбекистондаги аксарият аҳоли газ ва электр энергияси танқислигидан жафо чекмоқда. Етарли миқдорда ва арзон нархларда электр энергияси етказиб берилса ҳамма муаммо ҳал бўлади. Электр токида чироқ ёнади, овқат пиширса ва уйни иситса ҳам бўлади.

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида аҳолининг катта қисми фақат электр манбаси яратган қулайликлардан фойдаланиб яшайди. Иқтисодиётнинг ривожланишида ҳам электр энергиясини аҳамияти беқиёс.

Бу соҳадаги аҳволни яхшилаш учун мутассади ташкилотлар томонидан маълум фаолият олиб борилмоқда. Жумладан, июл ойида Тошкентда энергетика соҳасидаги ислоҳотларга бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманда энергетика вазири муовини Шерзод Хўжаев ушбу соҳанинг 2030 йилгача бўлган инвестицион дастурлари йўналиши хақида маълумот берган.

Унга кўра, 2030 йилга бориб электр энергиясига бўлган эҳтиёж қарийб икки баробарга ошади ва 121 миллиард киловатни ташкил этади. Ўша вақтга келиб қуввати 31 Гигаватга (ГВт) етадиган ишлаб чиқариш қувваттларини 16,3 ГВт ( 51 фоизи) газдан, сув энергиясидан 3,8 ГВт (12 фоиз), 2,6 ГВт (8,2 фоизи) кўмирдан олинади. Энг қувонарлиси, шамол энергияси қувватини 11,7 ГВт га ва қуёш энергияси қувватини 5 ГВт га етказиш режалаштирилган. Россия томонидан қурилиши режалаштирилаётган Атом электростанцияси (АЭС) қуввати 2,4 ГВт (7,5 фоиз) ни ташкил этади.

Ўзбекистонни шамол ва қуёш энергетикасидаги имкониятлари жуда катта. Осиё тараққиёт банки ва жаҳон банки мутахассислари ҳисобига кўра, Ўзбекистоннинг қуёш энергияси ишлаб чиқариш салоҳияти 51 миллиард тонна нефт маҳсулотлари берадиган энергия эквиваленти миқдоридан ҳам катта ва асосийси, бу - қайта тикланувчи энергия манбаидир.

Тошкентда 2019 йил 5 октябр куни шу соҳада ўтказилган тендер ғолиби эълон қилинди. Унга кўра, Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar Clean Energy компанияси Ўзбекистонда қуёш энергияси киловатт-соатини атиги 2,679 центдан етказиб бериш таклифи билан чиққан. Энг муҳими, ушбу нархлар йиллар давомида ўзгармай қолаверади. Масалан Чилида қуёш энергияси нархи “нол”га тенг ҳолатлар ва Европада шамол кучли кунлари энергияга тўлов нархи тушиши юз бераяпти.

Бугунги кунда 1Гвт қуёш станцияси ва шамол станциясини қуриш нархи 800 миллион доллар атрофида бўлаяпти ва йил сайин катта миқдорда тушиб бораяпти. Яқин ўн йилда эллик фоизгача тушиши башорат қилинмоқда. Қуёш ва шамол станцияларини бир йилда ишга тушириш мумкин. Уларнинг кафолатли ишлаш вақти 30 йилдан ортиқ.

Шу билан бирга, Республикадаги газда ишловчи эски иссиқлик станцияларини модернизация қилиш режалаштирилган. Бу ўз навбатида газни тежаш ва энергия ишлаб чиқаришни оширишга олиб келади.

Навоий вилоятида Япония билан ҳамкорликда қурилган Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси (ИЭС) ноябр ойидан тўлиқ қувватда ишлай бошлайди. Йиллик қуввати 900 Мегаватт (0,9Гвт). Мазкур ИЭС газни эски турбиналарга қараганда икки марта камроқ ишлатади ва 1 млрд. 200 млн долларга бунёд қилинди.

Сурхондарё вилоятида ҳам худди шундай қувватдаги ИЭС туркиялик ҳамкорлар билан бунёд этиляпти. Асосийси, ушбу станциялар чет эллик инвестициялари ва халқаро молия ташкилотларининг кам фоизли ва узоқ йиллик кредитлари ёрдамида бунёд этилаяпти.

Бугунга келиб Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергетикаси бозорига кирувчи талабгорлар сони ортиб бормоқда. Куни кеча қабул қилинган “яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегиясида ҳам муқобил энергия манбалари улушини ошириш кўзда тутилган.

Мен бекорга вақтингизни олиб, мамлакатимизда энергетика соҳасида олиб борилаётган ижобий фаолият ва нархлар билан таништирмадим. Энди эса диққатимизни сарлавҳадаги мавзуга қаратамиз.

Атом энергетикаси ўтган асрни 60-йилларида атом бомбасини яратиш технологиялари давоми сифатида дунёга келган. Лекин бугунга келиб Чернобил ва Фукусима фожиаларидан кейин, бошқа ўнлаб АЭСларда юз берган минглаб фавқулодда вазиятлардан сўнг инқирозга юз тутган.

Етакчи мамлакатларнинг ўша даврларда АЭСларни қуришига асосий сабаб, уларнинг аксарияти ҳудудида газ ва нефт захираларини йўқлиги бўлган (Япония, Франция, Жанубий Корея, Германия, Буюк Британия ва бошқалар). Бугунга келиб мутлақо хавфсиз АЭСларни яратиш имкони умуман йўқлиги сабабли ва атом энергиясининг қимматлиги ва АЭСларни ўта хавфли экани учун аксарият давлатлар атом энергиясидан бутунлай воз кечмоқда.

Германия 2022 йилгача туппа-тузук ишлаб турган, энергия бераётган АЭСларининг барчасини тўхтатади ва ҳозир уларни бузишни бошлаган ва бу ўта қиммат жараёнга 100 миллиард евро ажратяпти. Унинг ўрнига жадал суратларда қуёш, шамол энергиясига ўтиб, газда ишловчи ИЭСлари қувватини ошираяпти.

Швейцария ва Испания ҳам яқин орада барча АЭСларини тўхтатиш режасини ишлаб чиққан. АҚШда АЭСларни ишлаб туришини таъминлашдан кўра, шу қувватдаги қуёш станциясини қуриб ишга тушириш арзонга тушмоқда ва кўпчилик реакторлар тўхтатилмоқда.

Ўзбекистонда АЭС қурилиши тарафдорларини билган жумласи “АЭСлар Францияда, Японияда, АҚШда, Жанубий Кореяда ҳам бор, ишлаб турибди-ку” деган иборадир. Лекин биз моҳиятни ҳам тушуниб етишимиз лозим. Мазкур давлатлар атом технологияларида Россиядан анча илгарилаб кетишган. Бу давлатларда коррупция кам ва улар биздан фарқли равишда ўз атом станциясини ўзи қуради, ўзи бошқаради ва хавфсизлигини энг юқори даражада кафолатлайди.

Мабодо АЭС атроф муҳит ёки инсонларга бирор зарар етказса, ушбу давлатларни молиявий қудрати буни оқибатларини бартараф қилишга етади. Бугун бирор АЭСда каттароқ фавқулодда вазият юзага келса, зарар миқдори юзлаб миллиард долларни ташкил этиши мумкин.

Росатом Белорусияда иккита ВВЭР1200 реактори бўлган АЭСни қуриб, ишга тушириш арафасида. Лекин бу АЭСни қуриш вақтида кўплаб камчиликлар рўй берган. Жумладан, вазни 334 тонна бўлган реакторлардан бирини кран ишдан чиқиб, тўрт метр баландликдан ташлаб юборишган. Реактордаги кўплаб пайванд чизиқларидан биттаси зарар кўрсаям, фалокат муқаррар. Бу воқеадан хабар топган ва қурилаётган АЭСга қўшни бўлган Литва ва бошқа Европа давлатлари талабига биноан Россия томони реактор корпусини янгисига алмаштирган.

Маълумотларга кўра, пастга қулаган реакторни бирор давлатда қуриладиган станцияга ўрнатиш мўлжалланяпти. Бир неча кун олдин Белорус АЭСига қўшни бўлган Литвада янги АЭСда юз бериши мумкин бўлган фақулодда вазиятга қарши ўқув машқлари бўлиб ўтди. АЭСда бирор кор-ҳол юз берса қўшни давлатда 450 мингдан ортиқ аҳоли ҳам зарар кўриши айтилмоқда.

Белорусиядаги АЭСни техник экспертизадан ўтказган Европалик мутахассислар ВВЭР 1200 реакторларини хавфсизлиги соҳасида камчиликлар мавжудлигини айтишган. Ҳозиргача ушбу реакторлар жаҳонни етакчи эксперт ташкилотлари текширувидан ўтиб, хавфсизлигини тасдиқловчи тегишли хужжатларни олмаган. Ҳиндистонда ВВЭР 1200 реакторлари бор АЭС ишга тушиши билан муаммолар бошланган. Ҳиндистон томони Росатом томонидан ўрнатилган турбогенераторлардан воз кечиб, Японияда ишлаб чиқарилган анжомларни қўймоқчи.

Дунё мамлакатларида ишлаб турган АЭСлар хавфсиз, фавқулодда вазиятлар бўлмайди, фақат портласигина хавфли бўлади деган нотўғри фикр ҳам мавжуд. Америкалик олим Жон Гофман ҳисобига кўра, жаҳондаги барча АЭСлардан чиққан ва рухсат берилган талаблар доирасидаги радиоактив чиқиндиларни умумий миқдори Чернобил авариясидагидан ҳам кўп.

Юзта АЭС 25 йил давомида ташқи муҳитга ўта хавфли цезий -137 изотопини ўзидан Чернобил фожиасиникидан тўрт марта кўпроқ миқдорда чиқарар экан. Германиядаги АЭСлар яқинидаги яшовчи аҳолини саломатлигини тадқиқ қилиш, радиоактив тритий таъсирида ёш болаларда оқ қон хасталиги бир неча баробар ортишини кўрсатган. Мазкур ҳудудда яшовчи хомиладор аёллардан туғилган болаларни аксарияти ҳам бир неча йил давомида оқ қон билан ҳасталаниши муқаррарлиги исботланган. Айниқса, тритий ва бошқа радионуклидларни ҳавога чиқариш миқдорини ортиши, реакторларда хар йили бир марта амалга ошириладиган ёқилғини алмаштириш вақтида юз берар экан ва улар бир неча юз километрга шамол билан олиб кетилиши мумкин.

“Кислородный” коктейль от Росатома” мақоласида Россиядаги АЭСларда сифатсиз сорбентларни ишлатиш натижасида атмосферага чиқаётган радионуклидларни кўпайиши ва натижада АЭСлар жойлашган ҳудудларда онкологик ҳасталикларни кўпайиб кетгани хақида ёзилган. Жумладан, Белоярская АЭС жойлашган Свердловск вилоятида ўпка онкологик хасталиги авж олган ва бунинг бош сабаби - ҳудуддаги муаммоли ва жуда кўп фавқулодда вазиятлар юз берган АЭС фаолияти экани айтилган.

Ленинград вилоятида эса АЭС борлиги туфайли энг кўп болалар онкологик хасталиги қайд этилмоқда деб таъкидланган. Бундай даҳшатли мисолларни кўплаб келтириш мумкин ва АЭСлар фавқулодда вазиятларсиз ҳам инсонлар ва атроф муҳитга ўта зарарли таъсир кўрсатаётгани шоҳиди бўлиш мумкин.

Яқин келажакда атроф муҳитга радионуклидларни чиқариш жараёнига кескин чекловлар қўйилиши шубҳасиз. Бундай ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти ва туризм соҳасида катта муаммолар юзага келиши аниқ. Буни устига Ўзбекистондаги АЭС қурилаётган нуқтада катта оқар дарё эмас, шўр сувли кичик кўл борлиги ҳам ташвишга солади. Ёзда 30 градусгача илийдиган кўлни суви 300 градуслик реакторларни етарлича совута олиши муаммо бўлиши шубҳасиз. Ёз чилласида қарийб 50 градусга борадиган иссиқ натижасида ўта радиоактив чиқиндилар сақланаётган бассейнлардан буғланаётган сувдаги тритий изотопи атроф муҳитга катта миқдорда тарқалиши мумкин.

АЭС қурилиши учун танланган ҳудуд уч марта 10 баллик зилзила бўлган Газлидан унчалик узоқ эмаслиги ҳам сейсмик факторлар билан боғлиқ хавотирларни кучайтиради. Бу ҳудуд Тошкентга ва Самарқанду Буҳорога ундан ҳам яқин. Шамоллар АЭСдан чиққан радионуклидларни анча масофага олиб кетиб, бошқа ҳудудлардаги аҳоли учун ҳам хавф солиши табиий.

Мазкур лоиҳани иқтисодий жиҳатдан умумман асоссизлиги иқтисодчи Мельдинскийни мақоласида ва бир гуруҳ олимларни Озодлик радиосига юборган мақоласида тўлиқ асослаб берилган. Маълумки, иккита реакторли станцияни қуриш ўн йил вақт, бошланишига 11 миллиард доллар талаб қилади ва бу рақамни кескин ортиши ҳам исботлаб берилган.

Чўлда 50 минг киши яшайдиган атомчилар шаҳарчасини барпо қилиш, АЭСдан истеъмолчилар томон юқори вольтли линияларни юзлаб километрга тортиш, Жиззахдан қурилиш нуқасигача темир йўл барпо қилиш, станцияни бошқарадиган юзлаб Россиялик мутахассисларга кўп йиллар давомида катта маошларни валютада тўлаш ва ҳоказо харажатларни охири йўқ.

Бунинг устига ўта хавфли чиқиндиларни Россияга олиб бориб, катта маблағ эвазига ажратиш ва қолганини яна АЭС ҳудудига олиб келиб, кўмиш ва заминимизни минглаб йилларга заҳарлаш — режадаги ишлар холос. Ва бунинг ҳаммаси атиги 2 ГВт электр энергияси чиқариш учун.

Яқинда Саудия Арабистони нефт ишлаб чиқариш марказларига дронлар ва қанотли ракеталар ҳужуми АЭСларни қўриқлашда ҳам катта муаммоларни чиқаради ва бу ҳам ақл бовар қилмас харажатларга сабаб бўлиши аниқ.

АЭС ҳудудига Россия қўшинлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва уни бошқарувчилар ҳам келиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси жуда катта ҳаражатлар ва Россияга қарамлик факторларини ортишига олиб келади. Оқибатда, энергетика соҳасида режалаштирилган ва катта маблағ талаб қиладиган бошқа вазифалар бажарилмай қолиб кетиши мумкин.

Бу кичик мақолада Ўзбекистонда АЭС қурилиши билан боғлиқ барча муаммоларни ёритишни иложи йўқ. Ҳар куни телеэкранлардан, матбуот саҳифаларидан АЭСни нақадар хавфсиз ва бебаҳолиги хақида айтилаётган сохта мадҳиялардан бир зум бўлсада фикримизни чалғитиб, реал воқеликка ҳам назар ташлайлик. Кейин кеч бўлади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.