Ўзбекистонга Испаниядан яна иккита Afrosiyob тезюрар поезди олиб келинмоқда — фото

Ўзбекистонга Испаниядан яна иккита Afrosiyob тезюрар поезди олиб келинмоқда — фото

Аввалроқ Ўзбекистон 2021 йил сўнггига қадар иккита “Афросиёб” тезюрар йўловчи поездини сотиб олиши ҳақида хабар берган эдик. Айни дамда ушбу поезд ва вагонларни олиб келиш ишлари давом этмоқда.

“Айни кунда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мутахассислари россиялик ҳамкасблари билан ҳамкорликда мазкур замонаивй поездни рельесга қўйиб мамлакатимизга олиб келишга ҳозирлашмоқда”, дейилади хабарда.

Хабар берилишича, жорий йил 30 июнь куни Испаниянинг Бильбао портидан “Афросиёб” поезди, яъни 2 та локомотив ва 11 та вагони, шунингдек, алоҳида яна 4 та вагон ортилган кема Россиянинг Санкт-Петербург портига етиб келган.

Маълумот учун, “Афросиёб” поездларини сотиб олиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида келтириб ўтилган.

Унга кўра, 2021 йилнинг декабрига қадар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ иккита юқори тезликда ҳаракатланувчи Talgo-250 русумли йўловчи электр поезди ҳамда 4 та “эконом” тоифали вагон харид қилади.

Мазкур қарорга мувофиқ 2021 йилда йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларини ишга тушириш бўйича манзилли дастурда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ учун жами инвестициялар ҳажми 696,2 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.