Ўзбекистонга вакцина келса, биринчи навбатда кимлар эмланиши маълум

Ўзбекистонга вакцина келса, биринчи навбатда кимлар эмланиши маълум

Ўзбекистонга вакцина келса, биринчи навбатда 65 ёшдан юқори бўлган шахслар, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, боғчалар тарбиячилари эмланади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғининг ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нурмат Отабеков «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX альянси орқали 2 миллион доза вакцина сўраб мурожаат қилган. Ўзбекистон аризаси қабул қилинган.

«Агарда вакцина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланиб Ўзбекистонга олиб келинса, биринчи навбатда 65 ёшдан юқори бўлган шахслар эмланади. Хусусан, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячилари эмланади», деган у.

Шу йилнинг августида Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев  Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилгани ҳақида маълум қилганди. Дастур шартларига кўра, даромад даражаси юқори бўлган давлатлар вакциналар хариди учун пул тўлайди ва шу тариқа бу соҳадаги молиялаштириладиган давлатларга субсидия беради. Режага кўра, мазкур механизм доирасида 2021 йилнинг охирига қадар бутун дунё бўйича 2 миллиард доза вакцина ишлаб чиқарилиши ва тенглик асосида тақсимланиши керак. Ушбу дастур доирасида иштирок этаётган барча 190 мамлакат, шу қаторда Ўзбекистон ҳам, 2021 йилнинг биринчи ярмидаёқ вакцина захирасидан фойдаланиш имконига эга бўлади.

21 декабр куни Россия элчиси Ўзбекистон Россияга ишлаш учун боришни режалаштирган меҳнат мигрантларини эмлаш мақсадида 1 млн доза «Спутник V» вакцинасига бюртма бергани ҳақида хабар қилганди.