Ўзбекистонлик дзюдочида допинг аниқланди

Ўзбекистонлик дзюдочида допинг аниқланди

Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги матбуот хизамати хабарига кўра, дзюдо бўйича 2021 йил декабрь ойида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида +100 ег. вазн тоифасида 2-ўринни қўлга киритган Элбек Абдуллаевдан мусобақа даврида допинг-синама олинган.

Терма жамоа аъзоси ҳисобланган Элбек Абдуллаевда бир эмас, 4 та Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан тақиқланган воситалар рўйхатига киритилган тестостерон, анастрозол, болденон ва оксандролон моддалари аниқланган. Ушбу моддалар, экзоген (ташқаридан организмга киритилган) анаболик андроген стероидлар ҳисобланади.

Спортчи Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасида кўрсатилган антидопинг қоидабузарлигини содир этган.

Шундай қилиб Элбек Абдуллаев 2022 йил 3 март куни Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳузуридаги Ахлоқ комиссияси қарорига кўра, 4 йил муддатга расмий спорт мусобақаларида қатнашишдан дисквалификация қилинди.

Дисквалификация даври 2022 йил 3 мартдан 2026 йил 2 мартга қадар этиб белгиланди.

Э.Абдуллаев дисквалификация даври тугаганга қадар Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасига асосан, терма жамоа таркибида халқаро ва миллий тоифадаги мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларидан четлаштирилади.