Ўзбекистонлик гимнастикачилар Жаҳон кубогида умумжамоа ҳисобида биринчи бўлишди

Ўзбекистонлик гимнастикачилар Жаҳон кубогида умумжамоа ҳисобида биринчи бўлишди

Тошкент мезбонлик қилган бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогининг иккинчи босқичи ўз якунига етди.

Ёш ўзбекистонлик гимнастикачи Тахмина Икромова кўпкураш, ҳалқа ва булава машқларида олтин, тасмада эса бронза медалини қўлга киритди. Бу билан Икромованинг ўзи ушбу мусобақада 3 та олтин ва 1 та бронза медалига сазовор бўлди. 

Раъно Муҳамедова ва Нилуфар Шомуродова қўл остида шуғулланаётган ўзбекистонлик спортчилар дастлаб кўпкураш дастурида, сўнг 5 ҳалқа машқида кумуш, 3 тасма ва 2 тўп дастурида эса олтин медалга эга чиқишди.

“Шу тариқа, мазкур босқичда терма жамоамиз 4 та олтин, 2 та кумуш ҳамда 1 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди”, - дейилган Миллий олимпия қўмитаси хабарида.

Мусобақада Арманистон, Австралия, Озарбайжон, Болгария, Колумбия, Британия, Грузия, Германия, Италия, Қозоғистон, Латвия, Янги Зеландия, Словения, АҚШ каби давлатлар вакиллари иштирок этишди.