Ўзбекистонлик олимлар SARS-CoV-2 коронавируси штаммлари генини аниқладилар

Ўзбекистонлик олимлар SARS-CoV-2 коронавируси штаммлари генини аниқладилар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази олимлари Ўзбекистондаги беморларда аниқланган SARS-CoV-2 коронавирусининг бир нечта штаммларининг ДНК кетма-кетлигини аниқладилар. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Биринчи босқичда SARS-CoV-2 коронавирусининг муҳим таркибий гени бўлмиш – N геннинг нуклеотид кетма-кетлигини аниқладик. Дастлабки таҳлил шуни кўрсатдики, нуклеотидлар позицияларидаги генлар кетма-кетлиги Уханда аниқланган коронавирус штаммининг референт геномидан фарқ қилади. Маълумотларнинг қиёсий таҳлили эса SARS-CoV-2 коронавирусининг ушбу турдаги мутацияга эга штаммлари Европада кўпроқ учрашини кўрсатди", - дейди Илғор технологиялар маркази директори ўринбосари Алишер Абдуллаев.

Шифрланган нуклеотидлар кетма-кетлиги тўғрисидаги маълумотлар халқаро маълумотлар базаси — Миллий биотехнологик ахборот марказига (NCBI) жойлаштирилган. Унда дунёнинг турли мамлакатларидаги турли организмлар тўғрисидаги маълумотлар илмий жамоатчилик учун очиқ тарзда сақланади.