Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг “Польша”си сифатида эътироф этилди

Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг “Польша”си сифатида эътироф этилди

Австриянинг банки “Raiffeisen Research” ўз таҳлилий ҳисоботида Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг “Польша”си сифатида эътироф этди.

Жорий йилнинг 17 май куни “Raiffeisen Research” томонидан “Ўзбекистон иқтисодиётига назар: Польша ва Украина изидан” (Uzbekistan Economic Insights: On the footsteps of Poland and Ukraine) номли таҳлилий ҳисобот чоп этилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Ҳисобот муаллифларининг фикрига кўра, кенг миқёсдаги ислоҳотлар дастури ортидан Ўзбекистон ўзини Марказий Осиёнинг “Польша”си сифатида танитди. Жаҳон молиявий инқирози даврида (2008-2009 йй.) Польша каби Ўзбекистон ҳам 2020 йилги коронавирус пандемияси инқирози шароитида ижобий иқтисодий ўсишни сақлаб қолиб, муқаррар иқтисодий инқирознинг олдини олишга эришди.

Бунга ҳисоботда бир қатор факторлар асос қилиб кўрсатилди. Хусусан:

Ўзбекистонда нисбатан юқори иқтисодий ўсиш инқирозга қарши самарали иқтисодий сиёсат натижасидир.

COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатларига қарамай Ўзбекистон ЯИМнинг ўсиши 2016-2022 йилларда ўртача 5 фоизни ташкил қилди.  

Бу, ўз навбатида, Шарқий Европа ва Марказий Осиё  минтақасидаги ўртача ЯИМ ўсиш – 2,5 фоизга нисбатан юқори ҳисобланади.  

Шунингдек, олиб борилаётган барқарорликни таъминлашга қаратилган фискал сиёсат давлат қарзини сезиларли даражада (ЯИМнинг 40 фоизидан) оширмаган ҳолда инқирозга қарши мазмунли курашиш учун замин яратди.  

Натижада, нисбатан юқори иқтисодий ўсиш истиқболлари сақлаб қолиниб, уларнинг прогноз кўрсаткичлари 2021-2022 йилларда 5-6 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.


Молия вазирлиги
Ахборот хизмати