Ўзбекистоннинг анклав ва эксклав ҳудудлари

Ўзбекистоннинг анклав ва эксклав ҳудудлари

Ўзбекистон эксклави Сўх тумани сўнгги ҳафталардаги воқеалар сабабли эътибор марказида бўлди. «Газета.uz» Ўзбекистоннинг барча анклавлари ва эксклавлари тўғрисида маълумот тайёрлади.

Умуман олганда, анклав ва эксклав атамалари бир давлат таркибига кирувчи, лекин бошқа бир давлат майдонлари билан ўралган ҳудудларга нисбатан ишлатилади. Бундай ҳудуд А давлатга тегишли бўлиб, Б давлат ҳудудида жойлашган бўлса, унда А давлат учун эксклав, Б давлат учун эса анклав ҳисобланади. Бундай ҳудудларнинг пайдо бўлиши, асосан мамлакатлар ўртасида ўтказиладиган делимитация ва демаркация жараёнларига боғлиқ.

Дунё бўйлаб миллий даражадаги, яъни бошқа давлат ҳудудида жойлашган 50 га яқин анклав ҳудудлар мавжуд. Ўзбекистонга тегишли бўлган 4 та эксклавлар Қирғизистон ҳудудида жойлашган. Бундан ташқари, мамлакатда 2 та анклав ҳудудлар ҳам мавжуд. Ўзбекистон

Шундай қилиб, қуйидаги ҳудудлар Ўзбекистоннинг эксклавлари ҳисобланади:

Сўх

Фарғона вилояти ҳудудий тузилмасига кирувчи Сўх тумани 1942 йилдан 1959 йилгача Ўзбекистон ССР таркибида мавжуд бўлиб, кейинчалик Риштон тумани ҳудудига киритилган. 1990 йил 27 февраль куни Сўх тумани қайта ташкил этилади. Маъмурий маркази Равон шаҳарчасида жойлашган.

Туман Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳудуди (Боткен ва Қадамжой туманлари оралиғида) билан ўралган. Сўх аҳолиси ва майдони жиҳатидан дунёдаги энг катта эксклав ҳудуд ҳисобланади. Майдони 352 км2. Сўх ҳудудида 80 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг 99 фоизи тожик миллатига мансуб, 0,7 фоизи қирғиз ва 0,1 фоизи ўзбек ва бошқа миллатлар вакилларидир.

Шоҳимардон

Шоҳимардон эксклави ҳам Фарғона вилоятининг ҳудуди ҳисобланиб, Фарғона тумани таркибига киради, Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳудуди билан ўралган. Турли маълумотларга кўра, аҳолиси 5 мингдан 10 минг кишигача. Майдони 90 км2. Ўзбекистоннинг «асосий» ҳудудидан 17 км узоқликда жойлашган.

Шоҳимардон Жанубий ва Шимолий қисмларга бўлинган. Аҳолиси асосан ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб. 2007 йил Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари томонидан туризмни ривожлантириш мақсадида эришилган келишувга кўра, икки мамлакат фуқаролари 2 ой давомида Шоҳимардон ҳудудида визасиз бўлишлари мумкин.

Шоҳимардон ҳудудида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг қабри, халифа Алига бағишлаб қурилган мақбара ҳамда 1766 йил зилзилалар оқибатида пайдо бўлган тоғ кўли Қурбонкўл (Мовийкўл) жойлашган.

Чўнғара

Чўнғара қишлоғи 2018 йил Риштон тумани ҳудудидан Сўх тумани ҳудудига киритилган. Қишлоқ Сўх дарёси соҳилининг ўнг томонида жойлашган. 2018 йилги маълумотларга кўра, қишлоқ аҳолисининг сони 1300 киши атрофида бўлган, майдони 261 гектар. Қишлоқ аҳолисининг асосий қисми ўзбек ва қирғиз миллатларига мансуб.

Жангайл

Ушбу эксклав ҳудуд ҳам Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳудудида жойлашган. Маъмурий тузилишидан Фарғона туманига қарайди. Эксклав майдони 1 км2дан кичикроқ. Баъзи маълумотларга кўра, эксклав ҳудудида деярли ҳеч ким истиқомат қилмайди.

Бундан ташқари, бошқа давлат таркибига кирувчи, лекин Ўзбекистон ҳудуди билан ўралган анклав ҳудудлар ҳам мавжуд:

Барак

Қирғизистон таркибига кирувчи Барак қишлоғи Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани ҳудудида жойлашган. Майдони 230 гектар. 2009 йилги маълумотларга кўра аҳолиси 600 кишидан сал кўпроқ бўлган, лекин охирги йилларда аҳолиси камайиб бормоқда. 2014 йилда Баракдаги оилалар сони 20 талиги айтилган эди. Аҳолиси асосан қирғиз ва ўзбек миллатлари вакилларидан иборат.

Маъмурий жиҳатдан, Барак қишлоғи Қирғизистоннинг Ўш вилояти ҳудудига киради. Қирғизистоннинг асосий ҳудудидан 1,5 км узоқликда жойлашган.

Сарвак

Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳудудига кирувчи Сарвак анклави Наманган вилояти Поп тумани ҳудуди билан ўралган. Эксклав майдони 8,4 км2, узунлигига 14 км ва энига 600 метр бўлиб, Сарвак дарёси бўйлаб жойлашган. Тожикистонгача бўлган энг яқин масофа 1,2 кмни ташкил этади. Аҳолиси асосан ўзбек миллатига мансуб бўлиб, 2005 йилга маълумотларга кўра 150 киши истиқомат қилган.